Ўзбекистон | 09:19 / 27.11.2021
2979
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 9 туп чинор ва 4 туп гужум дарахтини кесган фуқарога чора кўрилди

Фото: Экология бошқармаси

Сурхондарё вилояти Термиз туманида 9 туп чинор ва 4 туп гужум дарахтини кесган фуқарога МЖтКнинг 79-моддаси билан чора кўрилган. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 22 ноябр куни Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Термиз туманида тунги рейд тадбирлари ўтказилган.

Рейд давомида Термиз туманининг Янгиобод маҳалласи ҳудудида тунги соат 19:30да Ангор туман Навшаҳар маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Ж.га тегишли бўлган ЗИЛ-130 ҳамда маҳаллада яшовчи А.Қ.га тегишли бўлган ЗИЛ-130 юк машиналари тўхтатилган.

Юк машиналари кўздан кечирилганда уларга чинор ва гужум дарахтларининг тана ҳамда шох-шаббаларини ортиб олиб кетаётгани аниқланган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Термиз шаҳар Бирдамлик кўчасида яшовчи фуқаро К.Б. жорий йил 22 октябр куни Термиз туманидаги Ягона дарча орқали ўз ҳудудида ўсувчанлигини йўқотган мевали дарахтларни кесиб олиш ҳақида мурожаат қилган.

Бироқ фуқаро К.Б. томонидан эса ўзига тегишли бўлмаган ҳудудда мавжуд бўлган 9 туп чинор, 4 туп гужум дарахтлари кесиб олинган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 79-модда 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари 1 миллион 350 минг сўм миқдорида жарима ва 24 миллион 57 минг сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шўрчида туман ҳокимининг сохта ҳужжатларга асосланиб чиқарган қарори туфайли 160 туп тут дарахти кесиб ташланганди. Шунингдек, «Денов туман йўллардан фойдаланиш УК»нинг участка бўлими бошлиғи Ж.Ф. томонидан Денов шаҳрида 109 туп ноёб дарахт кесиб ташланганди. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида ҳам халқаро савдо маркази қуриш учун ажратилган ҳудудда кўплаб дарахтлар кесилганди.

Сурхондарёда мактаб ҳудудида ўсиб турган 53 туп терак хўжалик ишлари мудири томонидан ноқонуний кесилди

Мавзуга оид