Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда кичик гидростанциялар қуришга хусусий сектор жалб этилади
Гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳалар кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди.

«Мамлакатимизда энергетика соҳаси кенг кўламда ривожлантирилмоқда. Нефть, газ каби углеводородлар билан чекланиб қолмасдан, қуёш, шамол ва сувдан электр энергияси олиш иншоотлари барпо этилмоқда.
Хусусан, 2017 йилда президент фармони билан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилган эди. Ўтган даврда 11 та янги гидроэлектрстанцияси қурилиб, 8 таси модернизация қилинди. Натижада 244 мегаваттлик қўшимча қувват яратилди.
Лекин, юртимизнинг гидроэнергетика салоҳияти 50 фоиз ишга солинган, холос. Шу боис жами 740 мегаватт қувватли 21та йирик лойиҳа ишлаб чиқилган. Хусусан, келгуси йилда 170 мегаваттли 7та, 2023-2024 йилларда 150 мегаваттли 12та ҳамда 2025-2026 йилларда 420 мегаваттли 2та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Тақдимотда ушбу иншоотларни сифатли қуриш ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлат раҳбари тўғон талаб этмайдиган кичик гидростанциялар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бунга хусусий секторни жалб қилиш кераклигини таъкидлади.

Бугунги кунда 22та шундай истиқболли майдон рўйхати шакллантирилган. Уларда қуввати 5 мегаваттгача бўлган мини гидроэлектрстанциялар қуриш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди.
Шунингдек, Норин, Сўх, Танхоз, Оқ булоқ, Угом каби дарёлар ва каналларда 500 киловаттгача қувватга эга ихчам гидростанциялар ўрнатиш имконияти бор. Тадбирда қайд этилганидек, бундай жойлар рўйхати аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилинади. Бунда қуёш, шамол электр станциялари ўрнатгани учун аҳоли ва тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилган бўлса, кичик гидростанциялар учун ҳам шундай имтиёз ва субсидиялар қўлланилиши белгиланди.
Гидроиншоотларни ишлатиш учун малакали мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Техника, ирригация ва архитектура йўналишидаги олий ўқув юртларида бунга алоҳида аҳамият қаратиш, уларда қурилиш ҳамда гидравлик лабораториялар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Мавзуга оид
18:50 / 29.04.2026
Қиймати 365 миллион доллар бўлган Юқори Пском ГЭС қурилади
14:04 / 26.08.2025
Иордания подшоҳи Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди
09:59 / 25.01.2025
Янги гидроэнергетик қувват манбаи – Зарчоб 2а кичик ГЭС ишга туширилди
20:17 / 27.12.2024