Бу борада, гидроэнергетика соҳасида янги ГEСларни қуриш ва ишга тушириш, мавжудларини изчил модернизация қилиш борасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан кенг кўламли амалий фаолият олиб борилмоқда. Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан зарурий норматив-ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланиб, истиқболли инвестициявий дастурлар асосида истиқболли лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Бугун, 24 январ куни Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Тўпаланг дарёси бўйида янгидан барпо этилган Зарчоб 2а кичик ГEСнинг расмий очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.


Очилиш маросимида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, Сариосиё тумани ҳокими Абдуқодир Донаев, ҳудудий тизим корхоналари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов очиб берди ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан барпо этилаётган бу каби истиқболли лойиҳалар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муҳим ҳисса қўшаётгани, чекка туманлар ҳамда аҳоли фаровонлиги учун катта имкониятлар яратаётганини алоҳида қайд этди.

Сўнгра сўзга чиққан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов томонидан бугунги кунда президентимиз раҳнамолигида соҳага қаратилаётган жиддий эътибор натижаси ўлароқ, бугунги кунда юртимиз бўйлаб қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани, белгилаб олинган устувор стратегик мақсад ва вазифалар қаторида ҳали барпо этилиши лозим бўлган лойиҳалар кўплиги, буларнинг барчаси халқ манфаати, ватан равнақи, юрт истиқболи йўлида амалга оширилаётгани таъкидланди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Сариосиё тумани иқтисодий-ижтимоий ривожи ҳамда аҳоли фаровонлиги учун энергетик қуввати 3 МВтга тенг, йилига ўртача 13,3 млн kVt soat электр энергияси ишлаб чиқарувчи Зарчоб 2а кичик ГЭС фойдаланишга топширилди.











