Жаҳон | 20:06 / 30.11.2021
24747
8 дақиқада ўқилади

Рианна миллий қаҳрамон, Елизавета II энди ҳукмдор эмас – Барбадос республикага айланди 

Душанбадан сешанбага ўтар кечаси Кариб денгизидаги Барбадос орол-давлати республикага айланди. Буюк Британия қироличаси Елизавета II бу давлатнинг раҳбари ҳисобланарди. Энди мамлакатнинг янги президенти Британия шаҳзодаси Чарлз ва хонанда Рианна иштирокида ўтган маросимда расман ўз лавозимига киришди.

Янги республика мамлакат пойтахти Брижтаунда, мустақилликнинг 55 йиллиги нишонланаётган кунда эълон қилинди. Барбадос 1966 йилда Лондондан тўлиқ сиёсий мустақилликка эга бўлган, аммо конституцион монархия шаклида қолган, шу боис шу кунга қадар Британия қироличаси давлат раҳбари ҳисобланарди.

Барбадос байроғи. GETTY IMAGES

"Бу республиканинг ташкил топиши янги ҳаёт бошланишини билдиради. Ўтмишнинг энг қора кунлари ва тарихимизга бир умрга доғ туширган қулдорликнинг даҳшатли жиноятларидан сўнг Барбадос халқи ғайриоддий ирода билан ўз йўлини қурмоқда", - деди шаҳзода Чарльз маросим вақтида.

Британиянинг Барбадосдаги биринчи колонияси 1627 йилда пайдо бўлган. Оролга 200 йил давомида Африкадан 600 минг нафар қул келтирилган, улар шакарқамиш плантацияларида меҳнат қилиб, инглиз хўжайинларига катта даромад келтирган. Бундан ташқари, Барбадос трансатлантикавий қул савдоси учун йирик транспорт боғламаси бўлиб қолган. 1834 йилга келибгина оролда қулдорлик тақиқланган.

Маросим ниҳоясида Британия монархияси мушакбозлик билан кузатиб қўйилди, қироллик штандарти туширилди. Республика эълон қилинишини қиролича Елизавета II’нинг ўзи ҳам қутлади  - у ўз табригида орол халқига "ўзининг илиқ ва энг яхши" тилакларини билдирди ва фаровонлик тилади.

2018 йилдан буён Барбадос генерал-губернатори бўлган, октябрда парламент депутатлари томонидан президент этиб сайланган 72 ёшли янги давлат раҳбари Сандра Мэйсон қасамёд қабул қилди.

"Барбадос кемаси илк сафарига отланди. У барча нохушликларни четлаб ўтсин ҳамда мамлакатимиз ва фуқароларимизни олдимизда турган янги уфқларга эсон-омон олиб борсин", деди Мэйсон хоним.

Рианна Барбадосни республика деб эълон қилиш маросимида. PA MEDIA

Бундан ташқари, маросимда шу оролда туғилган хонанда Рианна иштирок этди. У 2018 йилда Барбадоснинг фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган, сешанбага ўтар кечаси эса бош вазир Миа Моттли уни миллий қаҳрамон деб атади.

Чалкаш туйғулар

Даниэла Релф, қироллик оиласи бўйича мухбир

Қайноқ Барбадос тунида республикани эълон қилиш маросимида тантанаворлик ва байрам муҳити мужассам бўлди. Бу Барбадос учун миллий ғурур онлари эди, мамлакатнинг энг машҳур инсонлари: крикет ўйинчиси сэр Гарфилд Соберс ва хонанда Рианна шу ерда эди.

Маросимда шаҳзода Чарлзнинг иштирок этиши шарт эмасди, аммо у келишга қарор қилди. REUTERS

Уэлс шаҳзодаси уларнинг ўртасидан жой олди. Балки у бу маросимда чалкаш туйғуларни ҳис қилгандир: онасининг давлат раҳбарлигидан четлатилишини ифодаловчи қироллик штандартининг туширилиши унинг кўз ўнгида рўй берди.

У ўз чиқишида қулдорлик даҳшатлари ва икки давлат ўртасидаги узилмас дўстлик ҳақида гапирди. 

Британия монархияси бу вазиятга ижобий ва прагматик қарайди. У Барбадоснинг давлат тузилиши ўзгаришига халал бермайди, аммо яхши муносабатлар сақланиб қолишига ёрдамлашади.

Қироллик штандартининг туширилиши. REUTERS

Барбадос Елизавета II давлат раҳбари ҳисобланувчи мамлакатлардан бири эди. Ҳозирда бу рўйхатда 15 мамлакат, жумладан, Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Ямайка қолди.

Хайрлашув вақти

Аслида бу ҳаттоки Буюк Британия учун ҳам шунчаки рамзий аҳамиятга эга, аммо рамзлар ҳам кўп нарсани англатади. Барбадос билан боғлиқ ҳолатда бу барча давлат муассасаларида қироллик оиласи портретлари, ҳарбийлар, полициячилар ва ҳатто почта ходимлари либосидаги қироллик рамзлари ҳамда қиролича Елизавета шифохонаси каби турли муассасаларнинг монарх номи билан аталишини билдирарди.

Ушбу тартиб Барбадосда 400 йилдан ортиқ, яъни бу ҳудудни қирол Яков I’га тегишли деб эълон қилган биринчи инглиз кемаси ўз лангарини ташлаганидан буён ҳукм суриб келди, бироқ энди кўп нарса ўзгаради.

Қиролича Елизавета IIнинг Барбадосга ташрифи. GETTY IMAGES

Маросимда шаҳзода Чарлзнинг иштирок этиши шарт эмасди, аммо у икки мамлакатни бирлаштириб турган ришталар узилмаслигини кўрсатиш учун келишга қарор қилди. У шунингдек, 1997 йилда Ҳонгконгнинг Хитойга қайтарилиши маросимида ҳам иштирок этган ва 1980 йилда Зимбабве мустақилликни қўлга киритган чоғида қиролича номидан қатнашган.

Чарлз ўз нутқида Барбадоснинг Британияга қарамликдан расман воз кечганига қарамасдан икки халқ ўртасидаги алоқалар сақланиб қолгани ҳақида гапирди.

Шунингдек, Чарлз Барбадос Озодлик орденини олди. Аҳамияти жиҳатидан иккинчи ҳисобланувчи бу мукофот мамлакатга, Барбадос диаспораси ва умуман инсониятга қилган фидокорона хизматлари учун берилади.

Шаҳзода Чарлзни аэропортда фахрий қоровул кутиб олди. IAN VOGLER - POOL/GETTY IMAGES

Маросим олдидан барбадосликлар мустамлакачилик даври ва қулдорлик амалиёти учун узр сўралиши ва репарация берилишини талаб қилиб намойишлар ўтказди.

Бундан ташқари, айримлар наздида дастлабки референдумсиз республика шаклига ўтиш қарори баҳсли туюлмоқда. Аммо мамлакат конституциясига кўра, сиёсий етакчилар овоз беришларсиз ҳам мустақилликка эришиш ҳуқуқига эга.

Яна кимлар қироличадан воз кечган?

Қиролича охирги марта давлат раҳбарлигидан четлатилиши 1992 йилда, Африкадаги Маврикий орол-давлати ўз мустақиллигини эълон қилганида юз берганди.

Барбадос – туристлар учун оммабоп курорт.

1970 йилда Гайана, яна бир орол-давлат Тринидад ва Тобаго эса 1976 йилда монархдан воз кечган. Икки йилдан сўнг Доминика ороли уларнинг изидан борди.

Сўнгги вақтларда Ямайка ҳам давлат раҳбарини мустақил сайлашни ўйламоқда, ҳар ҳолда бош вазир Эндрю Ҳолнесс айнан мана шуни ўз ҳукуматининг устувор вазифаси сифатида кўрмоқда.

1999 йилда Австралияда республика эълон қилиш тўғрисида референдум ўтказилган, аммо монархияга қарши бўлганлар бу референдумда ютқазган. 

Барбадос қандай қилиб республикага айланди?

Бошқарувнинг республика шаклига ўтиш имкониятини баҳолаш мақсадида 1979 йилда Барбадосда Кокс комиссияси деб номланган комиссия тузилган, аммо у халқ монархиядан воз кечишни истамаяпти деган хулосага келганди.

Аммо 1998 йилга келиб Барбадос конституциясини қайта кўриб чиқиш комиссияси оролга республика мақоми берилишини тавсия қилди, мамлакатнинг ўша пайтдаги бош вазири Фрейндел Стюарт эса монархиядан республикага ўтиш вақти келганини очиқчасига айтди.

Сандра Мэйсон 2018 йилда қиролича билан учрашув чоғида. STEVE PARSONS - WPA POOL/GETTY IMAGES

Ва ниҳоят, ўтган йили қироличанинг расмий вакили, генерал-губернатор Сандра Мэйсон анъанага кўра парламент ишини бошлаб берувчи “тахт нутқи”да бошқарувнинг республика шаклига ўтиш режаси ҳақида маълум қилди.

Ушбу нутқ муаллифи Барбадос бош вазири Миа Моттли бўлиб, унинг сўзларига кўра, "мустамлака ўтмишни узил-кесил ортда қолдирадиган вақт келди".

У BBC’га берган интервьюсида мустамлакачилик меросидан воз кечиш душманликни англатмаслиги, қироличани қаттиқ ҳурмат қилиши, аммо Буюк Британия билан узвий ҳамкорлик асосида янги муносабатлар ўрнатиш вақти келганини таъкидлади. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид