22:06 / 01.12.2021
17955

Коронавируснинг барча маълум штаммларини таъсирсиз қилувчи антитанача аниқланди

Фото: РИА Новости

Хитойлик олимлар ўтказган тадқиқот натижасида коронавируснинг барча маълум штаммлари таъсирини йўққа чиқарувчи антитанача аниқланди. Бу ҳақда bioRxiv электрон кутубхонасида эълон қилинган маълумотлар дарак бермоқда.

35B5 антитаначаси коронавируснинг оғир шаклини бошдан ўтказган хитойликлар қон намуналарини ўрганиш вақтида кашф қилинди. Ушбу қон намуналаридан антитаначалар ишлаб чиқарувчи ҳужайралар ажратиб олиниб, уларнинг коронавируснинг турли қисмлари билан таъсирлашуви ортидан кузатув олиб борилган.

Натижада олимлар криоэлектрон микроскоп ёрдамида антитанача вируснинг мутация вақтида ўзгаришсиз қолувчи ўзига хос қисмига таъсир қилишини аниқлашган.

“Олинган суратлар 35B5 молекуласи коронавирус S-оқсилининг вирус эволюцияси вақтида деярли ўзгармайдиган қисми билан бирикишини кўрсатди. Молекуланинг бу хусусияти барча штаммлар учун универсал вакцина ишлаб чиқишда қўлланиши мумкин”, деб айтишган олимлар.

Олимларнинг тахмин қилишича, 35B5 антитаначаси коронавируснинг яқинда аниқланган янги штамми – “омикрон”ни ҳам нейтраллай олади.

Top