08:18 / 02.12.2021
2856

Халқ таълими вазири Қорақалпоғистондаги энг олис 3 та туман мактабларига борди 

ФОТО: Халқ таълими вазирлиги

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Қўнғирот ва Қонликўл туманларидаги мактабларга борди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.  

1 декабрь куни Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов мактабларда яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига келган. Ўрганиш ишларини Қўнғирот туманидаги 33-мактабдан бошлаган.

Вазирнинг кейинги манзили ушбу тумандаги 490 ўринга мўлжалланган 40-мактаб бўлди. Коэффициенти юқори бўлган ва айни пайтда 1000 нафар ўқувчи билим олаётган мактаб учун янги бино қурилишини инвестиция дастурига киритиш ҳамда бошланғич синф ўқувчиларининг бепул овқатланиши учун шароит яратиш бўйича туман ҳокими билан келишиб олган.

Мактаблардаги муаммоларни ўрганиш Мўйноқ ҳудудида давом этган. Вазир Мўйноқ туманидаги информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 8-умумтаълим мактабига борган.

ФОТО: Халқ таълими вазирлиги

Бахтиёр Саидов таълим муассаса ўқувчилари учун барпо этилган ётоқхонани тез фурсатларда жиҳозлар билан таъминлаш ва кейинчалик иқтидорли болаларни танлаб олиш орқали уни мактаб-интернатига айлантиришни таклиф қилган. Мактабга компьютер синф жамланмаси ҳамда электрон доска совға қилинди.

Шундан сўнг вазир Қонликўлда жойлашган 24-умумтаълим мактабида бўлган. Ҳомийлик маблағлари асосида қурилаётган 180 ўринли янги мактаб биноси кўздан кечирилган. Мазкур мактаб биносининг қурилиши айни дамда мактабнинг эски биносида таҳсил олаётган 101 нафар боланинг замонавий шароитларда таълим олиш имкониятини яратади.

ФОТО: Халқ таълими вазирлиги

Қурилиш ишлари якунига етгач, мактабга юқори малакали ўқитувчиларни жалб қилиш ҳамда иқтидорли болалар учун ихтисослашган синф очиш таклифлари илгари сурилди, дейилади расмий хабарда.

Ҳозирда бошқа ишга ўтган собиқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қорақалпоғистонга жорий йилнинг сентябрь ойида келганди.

Top