Ўзбекистон | 07:59 / 03.12.2021
11349
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Автомобил тарихи» дастури ишлаб чиқилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль тарихи” маълумотларини тақдим этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2022 йил 1 январдан эътиборан “автомобиль тарихи” маълумотларини (давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, юрган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқалар ҳақида) шартномавий асосда Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда:

  • агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан “автомобиль тарихи” маълумотларини олиш имкониятини назарда тутувчи “Автомобиль тарихи” дастурини ишлаб чиқиб, йўлга қўяди;
  • ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматининг ЯИДХП, Давлат хизматлари марказлари, шунингдек веб-сайтлар орқали автоматик тарзда реал вақт режимида кўрсатилишини таъминлайди;
  • ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этади;
  • давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимларнинг Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи ягона биллинг тизими орқали электрон тарзда тўланиши имкониятини яратади.

Агентлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда давлат хизматини кўрсатиш учун зарур бўлган қуйидаги маълумотларнинг 2022 йилнинг 1 январига қадар рақамлаштирилишини ҳамда “Автомобил тарихи” дастурида акс эттириб бориш учун ахборот тизимларининг тўлиқ интеграция қилинишини, жумладан:

  • Ички ишлар вазирлиги – автотранспорт воситалари агрегат маълумотларининг (давлат рақами белгиси, давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, русуми/модели, ишлаб чиқарилган йили, тури, кузов/шасси рақами, тўла/юксиз вазни, двигатель рақами ва қуввати, ёнилғи тури, ўриндиқлар сони, алоҳида белгилари ёки ўзгарган агрегат маълумотлари (мавжуд бўлса), рўйхатга олинган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги ҳамда “Автомобиль тарихи” маълумотига оид бошқа маълумотлар (давлат органлари томонидан бевосита Ички ишлар вазирлигига тақдим этиб бориладиган маълумотлар билан бирга);
  • Адлия вазирлиги – фуқаролик-ҳуқуқий шартнома (битим)лар тузилганлиги ҳақидаги маълумотларнинг, шунингдек автотранспорт воситасининг гаровда эканлиги ҳақидаги;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси – автотранспорт воситасига нисбатан тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги;
  • Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги – йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ихтиёрий равишда барча суғурта ташкилотларига юборилган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги;
  • Транспорт вазирлиги – автотранспорт воситасидан йўловчи ташиш учун лицензия варақаси берилганлиги (берилмаганлиги) тўғрисидаги;
  • Марказий банки ҳузуридаги «Гаров реестри» ДУК – автотранспорт воситасининг гаровда эканлиги ҳақидаги;
  • Давлат божхона қўмитаси – транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот тизимига тақдим этиб борилишини таъминлайди.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид