Ўзбекистон | 07:55 / 04.12.2021
3980
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЕХҲТ Афғонистон бўйича ўзаро келишилган позицияни ишлаб чиқади

2021 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Стокҳолм шаҳрига амалий ташрифи доирасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Ҳелга Шмид билан учрашув ўтказди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан қайд этдилар. Трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, давлат бошқарувининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглиги тамойилларини илгари суриш каби йўналишларда конструктив мулоқотни фаоллаштиришдан томонларнинг бирдай манфаатдор экани таъкидланди.

Ҳ.Шмид ЕХҲТнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиладиган Марказий Осиёда БМТ Глобал терроризмга қарши кураш стратегиясининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференциянинг ташкилотчиларидан бири сифатида иштирок этишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.

Афғонистон масаласи, жумладан ушбу мамлакатни низодан кейинги тиклаш бўйича ташкилотнинг ўзаро келишилган позициясини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид