АҚШ разведкаси «олмоси» ёхуд КГБни 25 йил давомида сотиб келган махсус жосус ҳақида
КГБ зобити, ўз вақтида генерал-майор унвонига эга бўлган Дмитрий Поляков 25 йил давомида АҚШ разведкасига қарийб 25 қути ҳажмидаги махфий ҳужжатлар ва КГБнинг минглаб ходимлари ҳақидаги маълумотларни етказиб беради. У нима учун бу ишга қўл урган?
Хорижий разведка хизматлари билан боғланган ва ўз мамлакатига хиёнат қилганлар орасида ГРУ (СССР Разведка бош бошқармаси) зобити Дмитрий Поляков ажралиб туради. У 25 йил давомида МРБ (АҚШ марказий разведка бошқармаси) фойдасига ишлаган ва турли даражадаги маълумотларни етказиб турган. Дмитрий Поляков ким ва нима учун бу ишга қўл урган?
Дмитрий Федорович Поляков 1921 йилда Украинада туғилган. 1939 йилда ўрта мактабни тугатиб, артиллерия билим юртига ўқишга киради. Фашистларга қарши урушда қатнашиб, Қизил юлдуз ордени билан тақдирланади. Ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан сўнг у таълим олишни давом эттиради ва кейинги йилларда Фрунзе академияси ва Бош штаб курсларини тамомлайди. Шундан сўнг бошқа битирувчилардан фарқли равишда архивга эмас, балки Бош разведка бошқармасига ишга юборилади.
Карьеранинг бошланиши
1951 йилда ёш жосус биринчи йўналишни олади ва дарҳол Нью-Йоркка боради. Ҳарбий разведкачи беш йил давомида дипломатик ниқоб остида хизмат қилади ва унинг фаолияти раҳбарларни ҳайратда қолдиради. Дастлабки йилларда Поляков АҚШнинг Австралия, Корея, Япониядаги ҳарбий базалари, Қўшма Штатларнинг ҳаво ҳужумига қарши курашиш тизими, МРБнинг марказий Европада фаолият кўрсатаётган ходимлари ҳақидаги маълумотларни тўплаб Москвага етказади.
1959 йилда уч йиллик танаффус ва контрразведка текширувларидан сўнг Поляков яна Қўшма Штатларга ишлаш учун қайтади, бу пайтда у аллақачон полковник унвонини олган ва ноқонуний ишлар бўйича резидент ўринбосари лавозимига кўтарилганди. 1960 йилгача БМТдаги СССР ваколатхонасида ишлайди. Поляковнинг асосий вазифаси — дунёнинг барча бурчакларидаги АҚШ қуролли кучлари ҳолати ҳақидаги жуда муҳим маълумотларни СССР хавфсизлик идораларининг АҚШда яширин фаолият олиб бораётган ходимларидан тўплаб, уларни мувофиқлаштириш бўлган.
КГБга хиёнат
АҚШдаги фаолияти даврида Поляков ўғил фарзанд кўради ва орадан уч ой ўтгач бола оғир касалликка чалинади. Жарроҳлик амалиётини ўтказишга 400 доллар зарур эди, аммо бу пайтда Поляковда бунча миқдордаги пул мавжуд бўлмагани сабаб ГРУнинг АҚШдаги резиденти И.А.Скляровдан пул сўрашга мажбур бўлади. У эса Москва рухсат бермади, деган важ билан Поляковга пул беришдан бош тортади. Натижада Поляковнинг ўғли вафот этади.
Бундан қаттиқ аламзада бўлган разведкачи қасд олишга қарор қилади ва 1961 йил 30 октябрь куни АҚШ қуролли кучлари офицерларидан бири, полковник Фейксига қўнғироқ қилиб, разведка ва контрразведка масалалари юзасидан учрашиш таклифи билан чиқади. Махсус хизматларнинг тарихчиси, КГБ собиқ ходими Николай Кондратевнинг таъкидлашича, Поляков бир вақтнинг ўзида бир неча сабабларни инобатга олган ҳолда ўзига маълум бўлган маълумотларни АҚШ махсус хизматларига тақдим этмасликка қарор қилади.
Биринчи учрашувда ФҚБ ходимига АҚШ фойдасига хизмат қилиш истагини билдиради ва АҚШдаги элчихонанинг 6 нафар шифрловчи ходими ҳақидаги маълумотни беради. Икки ҳафтадан кейин у ФҚБ ходимлари билан яна учрашади ва КГБнинг АҚШда яширин фаолият олиб бораётган 47 нафар ходими ҳақидаги маълумотни тақдим қилади. Кейинги учрашувлардан бирида эса Нью-Йоркда ноқонуний тарзда фаолият олиб бораётган ва ГРУнинг энг ишончли зобитларидан бири бўлган Мария Доброва ҳақидаги махфий маълумотларни беради.
Бу пайтда Доброва Нью-Йоркдаги дипломатлар ва БМТнинг юқори мартабали амалдорлари рафиқалари борадиган гўзаллик салонига эгалик қиларди. 1961 йил декабрида уни қўлга олишга келган ФҚБ агентларига таслим бўлишни истамаган Доброва деразадан сакраб, ўз жонига қасд қилади. Ўз навбатида, Поляков, марказга Доброва ФҚБ томонидан ёллангани ва унинг ўлими диққатни чалғитиш учун саҳналаштирилгани ҳақида дезинформация юборди.
1962 йилда Москвага қайтишидан олдинги сўнгги учрашувда МРБга СССР бош штаби ва ГРУнинг ходимлари бўйича ўта махфий маълумотлар қайд этилган китобни тақдим қилади. У Москвада ҳам АҚШ Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади, унга «Бурбон» оператив тахаллуси берилади.
Москвага қайтиш
1962 йилда Поляков Москвага қайтарилади. Кўп ўтмай у ГРУ 3-дирекциясининг катта офицери этиб тайинланди ва унга Нью-Йорк ва Вашингтондаги ГРУ разведка аппарати фаолиятини назорат қилиш топширилади. Бу орада АҚШдаги ГРУ агентларнинг аксарияти фош бўлиши бўйича ички текширув бошланади ва биринчи ўринда шубҳа остида қолган одамлардан бири айнан Поляков эди. Уни бир неча марта терговга чақиришади, рост ёки ёлғон гапираётганини аниқловчи детектор ёрдамида сўроқ қилишади. Бироқ детектор Поляков саволларга жавоб беришда ёлғон гапирмаётганини кўрсатади.
Поляков 1965 йилгача Москвада ишлайди ва бир неча ўта махфий операцияларни амалга ошириб, жуда муҳим маълумотларни Марказий разведка бошқармасига етказиб беради. У яна АҚШга қайтиши керак эди, аммо бу орада муаммо юзага келади. Los Angeles Times газетаси суд жараёнида унинг номи тилга олингани ҳақида ёза бошлайди. Шу сабаб ГРУ раҳбарияти Поляков хизматидан Америкада фойдаланишни имконсиз деб топади ва уни Осиё, Африка ва Яқин Шарқда разведка билан шуғулланадиган бошқармага ўтказади.
Бирма сафари
1965 йилда Поляков СССРнинг Бирмадаги (ҳозирги Мьянма) элчихонасига ҳарбий атташе сифатида юборилади ва бу ерда ГРУ резиденцияси раҳбари сифатида иш бошлайди.
У ФҚБ агенти Жон Мори орқали америкаликларга Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги ГРУ агентлари тармоғи, барча ноқонуний муҳожирларнинг исмлари ва фамилиялари, бу ердаги КГБ зобитлари ҳақидаги қимматли маълумотларни етказди. Поляков томонидан узатилган материаллар оқими шунчалик катта эдики, МРБ ҳатто уларни қайта ишлаш учун махсус бўлим ҳам яратади.
МРБ ҳам агент «Бурбон»нинг муҳим аҳамият касб этишини тушунган ҳолда уни мунтазам равишда махфий маълумотлар билан таъминлаб туради. Хусусан, Поляков ГРУга хабар етказиб туриши учун америкалик сохта дипломатлар ҳам яратилади. Поляковнинг ГРУдаги карьераси қанчалик тез ривожланса, у Америкага шунчалик кўп фойда келтира бошлайди. Поляковнинг иши муваффақиятли бўлиши учун «кераксиз» америкалик агентлар қурбон қилинади. Баъзи манбаларга кўра, бу хизматлари учун у АҚШдан «атиги» 100 минг доллар пул олган ва уларни КГБдаги раҳбарларига совға-салом олишга сарфлаган.
Америка разведкасининг «олмоси»
Бирмадаги фаолияти унга Москвада яхшигина шуҳрат келтирди ва 1969 йил августда Москвага қайтгач, ХХРда разведка ишларини ташкил этиш ва ноқонуний муҳожирларни ушбу мамлакатга ўтказиш учун тайёрлаш билан шуғулланадиган йўналиш бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Кейинроқ эса бу йўналишнинг раҳбари бўлган. Бу лавозимда у жуда қимматли маълумотларга эга бўлади: СССР ва Хитой ташқи ишлар вазирликларининг учрашувлари ҳақидаги баённомаларни ўрганиб чиқиб, ҳақиқатан ҳам икки давлатнинг ҳарбий ва иқтисодий муносабатлари кескинлаша бошлагани ҳақидаги энг қимматли маълумотларни МРБга юборади. Бу маълумотлар эса Қўшма Штатларга катта дипломатик ўйин бошлаш ва 1972 йилда Хитой билан муносабатларни яхшилаш томон қадам ташлашга имкон беради.
Поляков 1973 йилда Ҳиндистонга резидент сифатида юборилади, 1974 йилда унга генерал-майор унвони берилган. 1976 йил октябрь ойида у Москвага қайтиб, ҳарбий-дипломатик академияга раҳбар этиб тайинланади. У академия битирувчиларининг шахсий файлларидан нусха кўчиради ва суратлар билан америкаликларга юборади. Шу тариқа, Поляков СССР ҳарбий разведкасининг бўлажак ходимлари ҳақида улар ҳали ишга киришмасидан олдин Марказий разведка бошқармасига етказади. Кейинчалик кўплаб рус нашрларида айнан шу иши «энг жирканчи» сифатида тавсифланган.
1979 йил декабрь ойи ўрталарида у яна Ҳиндистонга, СССР элчихонасидаги ҳарбий атташе лавозимини эгаллаш учун жўнаб кетади, аммо 1980 йилда соғлиғидаги муаммолар сабаб нафақага чиқиб, ГРУнинг кадрлар бўлимида шартнома асосида ишлай бошлайди ва 6 йил давомида совет разведкасининг мингдан ортиқ ходими исм-фамилиялари, манзиллари, пароллар, қандай иш бўйича қаерга жўнатилгани ёзилган шахсий ишларидан кўчирмаларни МРБга етказиб беради.
Фош этилиши
1982 йилда АҚШда совет разведкасининг 9 ходими ҳибсга олиниши ортидан Поляков ҳам зимдан текширила бошланади. У ҳақидаги маълумотни 1985 йилда совет ҳукумати томонидан ёлланган, МРБ контрразведкасида ишловчи Алдрич Амес КГБга топширади. Унинг ихтиёрида ФҚБ агентлари боғланган одамларнинг исмлари ва маълумотлари кўрсатилган материаллар мавжуд эди ва улар орасида Поляковнинг номи ҳам бор эди. Ўтказилган текширувлар натижасида унинг мамлакатга хиёнат қилиб келгани ўз тасдиғини топади, 1986 йил июлида ҳибсга олинади ва 1988 йил баҳорида суд ҳукми билан отилади. Ҳукм ва унинг ижроси ҳақидаги расмий маълумотлар эса совет матбуотида фақатгина 1990 йилга келиб пайдо бўлади.
МРБ Поляковга бир неча марта чет элга чиқиб кетиш таклифи билан чиқади, аммо у бу таклифларнинг барчасини рад этган. «Мени кутманг. Ҳеч қачон АҚШга бормайман. Буни сиз учун қилмаяпман. Буни ватаним учун қиламан. Мен рус бўлиб туғилганман ва рус бўлиб ўламан», деган у.
АҚШ президенти Роналд Рейган СССРнинг ўша пайтдаги раҳбари Горбачёвга шахсан ўзи Поляковни экстрадиция қилиш таклифи билан чиққан, аммо Горбачёв шундай жавоб берган: «Кечирасиз, лекин бу мутлақо имконсиз».
Поляков 25 йил давомида АҚШ разведкасига 25 қути ҳажмидаги махфий ҳужжатларни ва КГБнинг 1600дан ортиқ ходими ҳақидаги маълумотни бергани аниқланади. Шунингдек, у бу ишлар эвазига ўзи учун бир цент ҳам пул олмагани айтилган.
Поляковнинг чорак аср давомида потенциал душман учун ишлаганининг сабаблари ҳақида жуда кўп ва турли гаплар мавжуд. Версиялардан бирига кўра, истеъдодли разведкачи ўғлининг ўлими учун раҳбариятдан қасос олган, марказ атиги 400 доллар турадиган операцияга ёрдам бермагани учун қаттиқ жаҳли чиққан. Бошқа версияга кўра, урушдан кейин Поляков СССР ғояларидан кўнгли қолган ва мамлакатига демократияни етказишда ёрдам беришга қарор қилганди.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
13:13 / 28.09.2024
“Мистер ва миссис Огородникофф”: АҚШда ишлаган КГБ жосуслари қандай фош қилинганди?
00:21 / 27.09.2024
Полша суди жосусликда айбланган украин ва беларусга ҳукм ўқиди
15:10 / 25.09.2024
Немис ОАВ Болтиқ денгизида Россиянинг жосуслиги ҳақида маълумот берди
12:10 / 21.09.2024