Талабалар имтиҳон натижалари шаффоф эмаслиги, факультет декани ўринбосари Шаҳзод Қурбонов имтиҳон жараёнида ёлғиз ўзи қатнашгани, имтиҳон натижалари ўз вақтида маълум қилинмагани каби иддаолар билан ректоратдан тортиб, олий таълим вазиригача ёзишган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Kun.uz’га тақдим қилинган суратларда баҳолар акс этган ведомостнинг ҳолати ҳақиқатан ҳам шубҳали – баҳолар ёнида дастлаб ёзув бўлиб, кейин ўчирилгандек тасаввур уйғонади. Ҳолат бўйича Самарқанд давлат университети математика факультети декани Ҳайдар Рўзимуродовдан изоҳ олдик.

Факультет декани вазиятдан хабардорлиги ва талабаларнинг эътирозидан сўнг шахсан ўзи ҳолатни ўрганиб чиққанини билдирди.

Фото: Kun.uz

“2020-2021 ўқув йилида кечки бўлимда таҳсил олаётган 3-курс талабаларининг 25 нафари курсдан курсга қолдирилди. Шундан саккиз нафари тўрт ва ундан кўп фанлардан қарздорликка эга. Талабаларни курсда қолдиришга асос бўлган ҳужжат олий таълим вазирининг 2018 йил 9 августдаги “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низом” ҳисобланади. Қолган 17 нафар талаба тўрттадан кам қарздорликка эга бўлган ва уларга низомда кўрсатилган муддат берилди. Улар икки мартадан имтиҳон топширишди. Аммо қониқарсиз баҳо олишгани учун 2021 йилнинг 30 октябрида ректорга билдиришнома бердим ва ректор буйруғи билан курсдан қолдирилди.

Талабаларнинг ёзма ишларидаги баҳолар асосий баҳо ҳисобланиб, ўша натижа талабаларнинг баҳоларини қайд этиш қайдномасига кўчирилади. Демоқчиманки, имтиҳон натижаси ўзгартирилган деган гаплар асоссиз. Чунки шахсан ўзим ёзма иш ва ведомостга қўйилган баҳоларни солиштириб чиқиб, уларнинг тўғри қўйилганига ишонч ҳосил қилдим”, деди Рўзимуродов.

Деканнинг қўшимча қилишича, талабаларга баҳолар маълум қилингач, айримлар олган натижасига эътироз билдирмаган. Аммо “йиқилган” талабаларнинг баъзилари имтиҳон натижаларидан қониқмаётганини билдириб, бир неча жойга мурожаат қилишган.

Талабаларнинг яна бир эътирози – декан ўринбосари Шаҳзод Қурбоновнинг якуний имтиҳондаги иштироки бўйича эътироз ҳам қоидага зид эмаслиги маълум қилинди.