Жаҳон | 17:17 / 07.12.2021
23714
11 дақиқада ўқилади

Тинчлик ёки уруш. Путин ва Байден саммити бўйича нималарни билиш муҳим?

Сешанба куни кечқурун АҚШ ва Россия президентларининг онлайн-форматдаги учрашуви бўлиб ўтади. У қандай кечади ва муҳокамалардан нима кутиш мумкин?

SERGEI MALGAVKO/TASS

Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байден сешанба куни июндан буён илк бор видеоалоқа орқали мулоқот ўтказади, Оқ уйнинг анонс қилишича, мулоқотда Россиянинг Украинага бостириб кириш эҳтимоли асосий мавзу бўлади. Шарқий Европада янги катта уруш бошланиши мумкинлиги ҳақида сўнгги икки ойдан буён Америка махсус хизматлари (ОАВ орқали) огоҳлантириб келмоқда ва бу таҳдидлар реалликка айланиши мумкинлигига европалик иттифоқчиларини ишонтирмоқда. Икки президент муроса йўлини танлай оладими ва Атлантиканинг икки соҳилида босқин ҳақида гапиришни бас қилишадими - бу катта сўроқ остида турибди.

Учрашув қандай кечади?

Жозеф Байден ва Владимир Путин учрашуви Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади. Мулоқот видеоформат кўринишида ўтади. Путин бу вақтда Сочидаги қароргоҳида, Байден — Вашингтонда бўлади.

Саммитда яна кимлар ҳозир бўлиши ҳақида ҳозирча маълум қилинмаган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин америкалик ҳамкасби билан учрашувлари олдидан ҳар сафар шу йўналишда масъул бўлган россиялик амалдорлар билан йиғилиш ўтказишини эслатиб ўтган. «Ҳозирги босқичда икки томонлама муносабатларга алоқадор бўлган барча фигурантлар Россия президенти билан доимий алоқада», — деган матбуот котиби.

Байден ноябрь ойи ўрталарида худди шу форматда ХХР раиси Си Жинпинг билан учрашув ўтказганди. Уларнинг мулоқоти уч соатга яқин давом этган, унда икки томондан ҳам делегация вакиллари иштирок этганди.

Москвадагилар Путин ва Байденнинг мулоқоти ҳам етарлича узоқ давом этишини тахмин қилишмоқда.

Томонлар музокаралар якунларига кўра қандайдир баёнот берилиши бўйича келишиб олингани тўғрисида хабар қилмаган.

Байден ва Путин сўнгги марта шу йил июнида музокара ўтказганди - бу Женевада юзма-юз учрашув шаклида бўлган. GETTY IMAGES

Украина масаласи

Байден ҳам, Путин ҳам ўзаро мулоқот кунидан олдинроқ ўз мақсадлари ҳақида аниқ айтишди. Аммо ҳозирча бу позициялар бир-бирига мутлақо зид кўринишда.

Россия президенти 1 декабрь куни Кремлда элчиларга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими вақтида шундай деди: «Ҳозирда бизнинг дипломатия олдинда турган биринчи галдаги вазифа - кучли, ишончли ва узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларини таъминлашга интилиш ҳисобланади. АҚШ ва унинг иттифоқчилари билан мулоқотда биз НАТОнинг шарқ томон кенгайиш ҳаракатларини ҳамда Россия ҳудудига хавф солиш даражасида яқин жойда қурол тизимлари жойлаштирилишини истисно этувчи келишувлар ишлаб чиқилишини талаб қиламиз».

Путин бир неча бор таъкидлаганидек, гарчи ҳозир Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши кун тартибидаги масала бўлмаса-да, Москва ўзига қўшни бўлган давлатлар альянс томонидан «ҳарбий ўзлаштирилиши»ни йўл қўйиб бўлмайдиган «қизил чизиқ» деб билади. Украинанинг Ғарбдаги иттифоқчилари эса Россия бостириб кирмоқчилиги ҳақидаги хабарлар фонида Киевга ҳарбий ёрдам ҳажмини оширди ва Кремль нуқтайи назарига кўра бу билан «қизил чизиқ»ни босиб ўтди.

Ўз навбатида, президент Байден 3 декабрь кунги брифингда Россиянинг қўшни давлатга бостириб киришини қийинлаштиришга қаратилган чоралар ва қадамлар рўйхатини тузаётганини айтиб ўтди. «Мен Европадаги иттифоқчилар билан доимий алоқадаман. Ҳозирда мен одамлар Путин қилиши мумкинлигидан хавфсираётган ишни амалга оширишни жуда қийинлаштирадиган ташаббуслар тўпламини жамлаяпман. Ҳозирда бу ишлаб чиқиш жараёнида», - деган Байден айнан нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмасдан.

Мулоқот арафасида CNN телеканали ўз манбаларига таянган ҳолда агар Москва Украина билан можарога киришса, Оқ уй Россияга қарши ўта қатъий санкциялар пакети тайёрлаётгани ҳақида хабар берди. Манбаларнинг айтишича, санкциялар Путиннинг атрофидагилар - россиялик «олигархлар»га қарши чекловлар, банклар ва энергетика компанияларига нисбатан чоралар, Россия суверен қарзига қарши санкциялар ҳамда потенциал «ядровий вариант»— Россияни SWIFT банклараро пул ўтказиш тизимидан узиб қўйишни ўз ичига олади.

Медиадаги «уруш»
Россия Украина ҳудудига бостириб кириши мумкинлиги мавзуси Америка нашрларида октябрь ойидаёқ тарқала бошлаганди - шундан буён деярли ҳар ҳафта турли нашрлар Америка разведка ҳамжамиятидаги манбаларига асосланган ҳолда Кремлнинг тажовузкор режалари тўғрисида ёзиб келмоқда.

Россия чегарага қўшин ташлагани ҳақида дастлаб Washington Post ёзди, бир неча кун ўтиб Politico нашри чегара ҳудудидан сунъий йўлдош орқали олинган суратларни тарқатди, Bloomberg агентлиги эса гўёки Россияда советлар замонидан буён энг кўп миқдорда захирадаги аскарларнинг армияга чақируви рўй бергани ҳақида ёзди.

Аммо журналистларнинг ҳеч бири чиндан шундай воқеалар бўлаётганига оид далиллар топа олишмаган.

SERGEI MALGAVKO/TASS

Эътиборли томони, дастлабки ҳафталарда эҳтимолий уруш мавзуси Америка нашрларида кенг ёритилган бўлса-да, Киевдаги расмийлар бу борада қандайдир хавотирли баёнотлар беришга шошилмади, улар чегарада 2016 ёки 2018 йилдаги билан таққослаганда алоҳида эътиборга молик ҳолат кузатилмаётганини таъкидлашди.

Аммо рус босқини эҳтимоли ҳақида фақат журналистлар эмас, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бот-бот гапира бошлагач, Украинанинг позицияси кескин ўзгарди.

Украинанинг деярли барча юқори мартабали ҳарбий амалдорлари Вашингтонга сафарлар уюштирди, шундан сўнг Украина раҳбарияти ҳам Кремлнинг эҳтимолий тажовуз режаларидан хавотир билдиришга киришди.

Ниҳоят МРБ директори Уильям Бёрнс Россияга олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан келгач, АҚШдагилар яқинлашиб келаётган катта уруш эҳтимолига ишонаётгани ва бу борада Москва билан фаол музокаралар олиб бормоқчи экани аён бўлди.

1 декабрь куни Стокҳолмдаги саммит доирасида Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида Украина масаласида мунозарали муҳокама бўлиб ўтди. Bloomberg манбасининг қайд этишича, норасмий кечки овқатдан кейинги музокара вақтида Лавров яна бир марта 2014 йилда Киевда давлат тўнтариши амалга оширилганини айтган, Давлат котиби эса бунга жавобан давлат тўнтаришига Виктор Януковичнинг одамлари юзга яқин намойишчини отиб ташлагани сабаб бўлганини билдирган.

Шу билан бирга, 6 декабрь куни Британиянинг Financial Times нашри АҚШнинг Европадаги кўплаб иттифоқчилари аввалига Россиянинг ҳужум режалари тўғрисидаги хабарларга ишончсизлик билан қарагани ҳақида ёзиб чиқди.

«Жиддий воқеалар рўй бераётганига кўплаб иттифоқчиларнинг ишончи комил эмасди. Биз разведка маълумотларидаги бу даражадаги фарқдан ҳайрон қолдик - қандай қилиб ва нима учун АҚШ кўрган нарсаларни биз кўрмаганмиз?» дейди газета суҳбатдошларидан бири.

Нашр маълумотига кўра, Вашингтон Европадаги иттифоқчиларни вазият жиддийлигига ишонтириш учун разведка маълумотларини ноодатий даражада кенг ошкор қилишига тўғри келган.

Бу Financial Times нашрида ёритилган жараён билан боғлиқми ёки йўқми, номаълум, аммо 4 декабрь куни немислар таблоиди Bild Россиянинг эҳтимолий босқини режаси акс этган инфографикани эълон қилди. Ундан хулоса қилиш мумкинки, Путин гўёки нафақат Украинанинг жануби-шарқини, балки қўшни мамлакат ҳудудининг қарийб учдан икки қисмини истило этишни режа қилган. Россия ТИВ расмийси Мария Захарова бу суратни иғво деб атади.

Россиядагилар нима демоқда?
Россия расмий шахсларининг позицияси Америка нашрларидаги илк хавотирли хабарлардан кейинги бир ойдан ортиқ вақт давомида маълум ўзгаришларга учради.

Washington Post ва Politico нашрларидаги илк хабарлардан кейин Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков қўшинларнинг чегарага ташлангани ҳақидаги ҳар қандай фактни рад этиб, америкалик журналистлар ишини «сифатсиз чиқинди» деб атади ва географияга эътибор қаратиб, россиялик ҳарбийлар тўпланган Ельня шаҳри Украинадан кўра Беларусга яқинроқ жойлашганини айтди. «Бу муҳокама қилишга ҳам арзийдиган ҳолат эмас. Ўзингиз кўрдингиз, видеода Украина билан чегара ҳақида гапиришган, лекин кадрда Беларусь билан чегара кўринган», деди у.

Кремль спикери бу нашрлар томонидан «бўш, кескинликни кучайтиришга қаратилган асоссиз чиқишлар» олиб борилаётганини ва Россия ҳеч кимга ҳеч қандай таҳдид солмаётганини айтди. Путиннинг ўзи «Россия 24» учун интервьюсида Америка нашрларидаги мақолаларни «асоссиз ваҳима» деб атади.

Аммо вақт ўтиши билан риторика ўзгара борди.

Энди барча россиялик расмийларнинг позицияси шундан иборатки, қўшинлар бир жойдан иккинчи жойга кўчирилаётган бўлса ҳам, бу Россия ҳудудида рўй бермоқда ва бу Россиянинг ички иши ҳисобланиб, қўшнилардан ҳеч бирига таҳдид солмайди.

«Биз ўз ҳудудимизда ҳарбийларни ҳаракатлантириш ҳуқуқига эгамиз, аммо қандайдир кескинлашув ҳақида гап йўқ», деди масалан Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Шу билан бирга, Москва аксинча Украина Донбассда ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларга (ДХР ва ЛХР) ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида ва гўёки минтақадаги туташув чизиғига ўз армиясининг ярмини олиб келгани, бу ерда ҳужумга ўтиш учун 125 минг кишилик қўшин шакллантирилгани ҳақида гапира бошлади.

«Украина қутқуланмоқда, бу эса Киевда Минск келишувларини саботаж қилиш кайфиятини уйғотиб, можарони ҳарбий йўл билан ҳал этиш иллюзиясини озиқлантиради», деди Лавров.

ANADOLU AGENCY

Россия ташқи разведкаси эса Украина шарқида бўлаётган ҳодисаларни 2008 йил Жанубий Осетиядаги уруш арафасида рўй берган воқеалар билан таққослади.

«Худди шундай вазиятни биз Грузияда 2008 йил воқеалари арафасида кузатгандик. Ўшанда Михаил Саакашвили «занжирни узган» ва Жанубий Осетиядаги тинч аҳоли ва россиялик тинчликпарвар кучларни яксон этишга уринганди. Бу унга қимматга тушганди», дейилади ташқи разведка хизмати баёнотида.

2008 йилда Москва Грузияда «тинчлик ўрнатиш бўйича амалиёт» бошлаши учун асос сифатида Цхинвалида россиялик тинчликпарвар кучлар аскари ҳалок бўлгани келтирилганди. Ҳозирда Украина шарқида россиялик тинчликпарварлар йўқ, аммо сўнгги йилларда бу ерда юз минглаб кишиларга Россия паспортлари берилди. Россиянинг бу янги фуқароларининг айримлари, масалан, икки республика раҳбарлари Денис Пушилин ва Леонид Пасечник «Единая Россия» партиясига аъзо бўлишга ҳам улгурди.

Янги зиддият эҳтимолини тўлиқ рад этишдан Украина армияси мустақил республикаларга ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақидаги баёнотгача бир ойдан ошиқ вақт ўтди, мантиқан қаралса, Москванинг ушбу можарога қандайдир аралашувини кутиш мумкин, Россия 1 декабрдан Жанубий ҳарбий округда 10 минг ҳарбий хизматчи иштирокида расмий манёврлар бошлади.

Мавзуга оид