Жаҳон | 19:26 / 08.12.2021
45214
8 дақиқада ўқилади

«Нафас ростлаш учун муҳлат». Байден Путин билан гаплашиб олди, бу ёғига нима бўлади?

АҚШ ва Россия президентлари жорий йилда иккинчи бор музокара ўтказди - видеоконференция режимида икки соат. Жо Байден агар Россия Украинага бостириб кирса, Ғарб «қатъий иқтисодий ва бошқа чоралар» қўллаши ҳақида огоҳлантирди, Владимир Путин эса НАТО шарққа томон кенгаймаслиги учун кафолат талаб қилди.

Фото: Reuters

Мулоқотдан кейин томонларнинг баёнотлари эълон қилинди - Кремлники Оқ уйникидан анча кейинроқ. Бу сафар икки версияда деярли тафовутлар бўлмади. Оқ уй баёнотида биринчи навбатда россияликларнинг Украинага эҳтимолий ҳужумига жавобан санкциялар киритилиши ҳақида гап кетган, Кремль Путин Байден билан санкциялар масаласида гаплашгани ҳамда Украина масаласини муҳокама қилганини тасдиқлади.

Энди нима бўлади?

Биржа ижобий реакция қилди
«Интерфакс»нинг хабар қилишича, чоршанба куни Москва биржасидаги савдолар бошида АҚШ доллари ва евро курсларида ўзгаришлар сезиларли бўлмаган, ноаниқ ташқи сигналлар фонида рубль икки валюта саватига нисбатан барқарорлик сақлаб қолган.

Агентлик экспертларга таянган ҳолда Путин ва Байден музокаралари якунлари бўйича «геосиёсий кескинлик нисбатан пасайгани»ни рубль учун ижобий сигнал деб атаган.

Чоршанба куни фонд бозори Россия компаниялари учун ўсиш билан очилди. Экспертлар буни ҳам жаҳон фонд бозоридаги ижобий динамика билан, ҳам музокараларнинг «ижобий якуни» билан боғлашмоқда.

Жамоаларга берилган топшириқлар
Оқ уйнинг баёнотида ҳам, Кремлникида ҳам Путин ва Байден ўз жамоаларига топшириқлар бергани айтилади. Вашингтон талқинига кўра, икки президент Украина чегарасидаги вазиятни юмшатиш билан боғлиқ «чоралар кўриш» ҳақида кўрсатма берган. Москва версиясига кўра эса улар «нозик масалалар» бўйича «ўз вакилларига мазмунли маслаҳатлашувларга киришишга кўрсатма беришга келишиб олган».

Путин нозик масалалар сифатида «НАТО Украина ҳудудини ўзлаштиришда хавфли ҳаракатлар қилаётгани» ва Россия чегаралари яқинида «ҳарбий қудратини ошираётгани»ни кўради, шу туфайли Москва НАТОнинг шарқ томон кенгайиши истисно қилинган ишончли, қонунда мустаҳкамланган кафолатларни олишни истайди.

Россия президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, Байден Путинга НАТОнинг шарққа томон кенгайиши ҳақидаги Россиянинг хавотирларини «иттифоқчилар билан» муҳокама қилишини айтган.

Путин ва Байден кейинги музокараларни қачон ўтказиши номаълум. Ушаков журналистларга президентларнинг кейинги мулоқоти санасини тахмин қилиш «ҳатто бироз аҳмоқлик» бўлиши ҳақида гапирди.

«Улар бу борада келишиб олишмади. Аммо америкаликлар билан видеоконференциялар ташкил қилиш ва ўтказиш, кейин эса келгусидаги алоқалар ҳақида ўйлаш ва бетараф ҳудудда президентлар учрашувини уюштириш имкониятини кўриб чиқиш ҳақида келишув бор эди», дея Ушаковнинг сўзларини келтиради «Коммерсантъ».

Бундан ташқари, Байден пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленский билан гаплашмоқчи, унинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг хабар қилишича, у Путин билан мулоқоти ҳақида Франция, Германия, Италия ва Британия раҳбарларини хабардор қилган.

Салливаннинг қайд этишича, Байден Украина НАТОдан ташқарида қолиши борасида мажбурият олмаган. Унинг сўзларига кўра, ушбу мамлакат ҳудудига бостириб кирилган тақдирда, АҚШ Украинага аввалгидан ҳам кўпроқ ҳарбий ёрдам тақдим этиб, Европа шарқига қўшимча кучлар жойлаштиришга тайёр.

«Биз 2014 йилда қилмаган ишимизни ҳозир қилишга тайёрмиз», дея таҳдид қилган Салливан Ғарбнинг Қрим аннексия қилингандаги ҳаракатсизлигига ишора қилиб.

Санкциялар - «янгилик эмас»
Байден Украина атрофидаги вазият кескинлашганидан хавотир билдирган ҳамда «АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбий эскалация юзага келган тақдирда қатъий иқтисодий ва бошқа чоралар билан жавоб қайтариши»ни айтган. Оқ уй суҳбатнинг санкцияларга доир қисмини шундай тасвирлаган.

«АҚШ президенти эҳтимолий санкциялар ҳақида гапирди, бизнинг президент эса - санкциялар Россия учун янгилик эмаслиги, улар етарли даражада узоқ вақтдан буён қўллаб келинаётгани, аммо бу на АҚШга, на Россияга ижобий таъсир кўрсатганини айтиб ўтди», дея бу жиҳатни изоҳлаган Ушаков.

Россия президенти ёрдамчиси журналистлар «Шимолий оқим-2» бўйича савол беришини кутмасданоқ, бу масала муҳокама қилинмаганини айтди. «Эҳтимолий саволлар ҳақида олдиндан айтишим мумкин: пандемия масаласига тегилмади, иқлим муаммоси ва энергетика муаммолари ҳам муҳокама қилинмади», деган у.

Байден Путин билан гаплашаётганида ёлғиз бўлмаган. Фото: twitter.com/WhiteHouse

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд америкалик сенаторлар билан гаплашганида Вашингтон ва европалик иттифоқчилар Россиянинг Украинага ҳужуми рўй берса, санкцияларнинг «тўлиқ вариантлари» кўриб чиқилишини айтганди.

«Биз муҳокама қилаётган нарса - Россияни амалда жаҳон молия тизимидан узиб қўйиш билан баробар бўлади», деди у. Аввалроқ CNN телекомпанияси Америка ҳукумати санкция вариантлари сифатида Россияни SWIFT банклараро пул ўтказиш тизимидан узиб қўйиш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берганди, Bloomberg агентлиги эса рубль конвертациясини чеклаш эҳтимоли ҳақида ёзганди.

«Нафас ростлаш учун муҳлат бўлади»
Россиялик экспертлар Вашингтон ва Москва муносабатларида кескинлик юмшашини кутишмоқда.

«Музокаралар арафасида томонлар музокараларга қандай позицияларда бораётгани тўғрисида бир-бирига сигналлар юборишди. Америкаликлар «даҳшатли» санкциялар ҳақида гапиришди, биз жанубий-шарқий йўналишда [ҳарбий] манёврлар амалга оширдик, аммо ҳозирда, менимча, қандайдир нафас ростлаш учун танаффус бўлади», деган РИА Новости мухбирига Россиянинг Халқаро ишлар бўйича кенгаши дастурий директори Иван Тимофеев.

Унинг кенгашдаги ҳамкасби Андрей Кортунов икки президент ўртасида янги мулоқот ўтказилгани фактининг ўзини ижобий баҳолайди. «Албатта, энди, ҳеч қандай «Россия ҳужуми» бўлмаса, Байден бу мулоқотни ўз ҳисобига ёзиб қўйиши мумкин», дейди у «Российская газета»га.

Кремль октябрь ойидан буён, яъни Америка нашрларидаги илк хабарлардан буён Украинага ҳужум қилиш бўйича ҳеч қандай режаси йўқлигини айтиб келади.

«Ўринли» ҳазиллар
Роппа-роса икки соат давом этган (Ушаковнинг ҳисоби бўйича) музокаралар чоғида Путин ва Байден бир-бирига ҳазил қилишга ҳам улгурди.

«Қачонки жиддий ва ақлли одамлар ўзаро гаплашар экан, улар баъзида қандайдир узун иборани осонлаштириш учун уни қисқароқ ва кулгилироқ қилиб етказади, лекин бу вазиятни янада тушунарли қилади», дейди Россия президенти ёрдамчиси.

«Бир неча ҳазиллар бўлди ва улар жуда ўринли эди - Америка томонидан ҳам, албатта, табиийки, бизнинг президент ҳам бундай паллада қандай ҳаракат қилишни билади», дея қўшимча қилган у.

Байден ва Путин июнь ойида илк музокараларни ўтказганди, ўшанда улар Женевада юзма-юз кўришганди. Ўша музокаралардан кейинги ягона сезиларли натижа Москва ва Вашингтонга элчиларнинг қайтиши бўлганди.

Мавзуга оид