19:48 / 09.12.2021
4162

Дунё бўйлаб қамалган журналистлар сони рекорд даражага етди

Дунёнинг турли давлатларидаги қамоқхоналарда ушлаб турилган журналистлар сони қаторасига олтинчи йил рекорд кўрсаткични ташкил қилмоқда. Журналистларни ҳимоялаш қўмитаси (CPJ) маълумотларига кўра, айни вақтда бутун дунёда 293 журналист қамоқда сақланмоқда. 

Фото: Reuters

Қўмитада таъкидланишича, панжара ортида сақланаётган журналистлар сони Хитойда энг кўпни ташкил қилади. Ҳозирда мамлакат турмаларида 50 журналист ушлаб турилибди. Бу борада 2-ўринни Мьянма (26 журналист) эгалламоқда. Ушбу мамлакатда 1 февралда ҳарбийлар томонидан содир этилган давлат тўнтарувидан кейин ўнлаб журналистлар ҳибсга олинган. Панжара ортида ушлаб турилган журналистлар сони бўйича 3-ўринни Миср (25 журналист), 4-ўринни Вьетнам (23 журналист) эгалламоқда. Юқори бешталикдан Беларусь ҳам жой олган. Ҳозирда у ерда 19 журналист қамоқда ушлаб турилибди. Бу кўрсаткич CPJ бу борадаги маълумотларни йиғишни бошлаган 1992 йилдан бери Беларусь учун антирекорд ҳисобланади.

Бундан ташқари, журналистларни касблари билан боғлиқ ҳолда ўлдириш ҳолатлари давом этмоқда. CPJ’да таъкидланишича, 2021 йилда дунёда 42 журналист ўлдирилган ва улардан 24 нафари профессионал фаолияти қурбони бўлган. Қолган қурбонларнинг ўлими тафсилотлари номаълум ва улар ўз касбий фаолияти билан боғлиқ ҳолда ўлдирилгани ёки йўқлигини аниқлаш имконсиз. Мексика, Ҳиндистон ва Афғонистонда энг кўп журналистлар ўлдирилган.

Top