Жаҳон | 20:55 / 09.12.2021
9059
2 дақиқада ўқилади

Ироқ ўз ҳудудида халқаро коалиция жанговар миссияси якунланганини маълум қилди

Ироқ ҳукуматининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Қосим ал-Аражий мамлакатда халқаро коалиция жанговар миссияси якунланганини маълум қилди. Унинг айтишича, коалицияга кирган давлатлар Ироқдан ўз кучларини олиб чиққан.

Фото: AFP

“Бугун биз халқаро коалиция билан ўтган йил бошланган мулоқотнинг охирги раундини якунладик. Биз коалиция кучлари жанговар миссияси якунлангани ва улар Ироқдан олиб чиқилганини эълон қиламиз”, деб маълум қилган ал-Аражий Twitter’да. Шу билан бирга, халқаро коалиция билан алоқалар ҳарбийларни ўқитиш ва маслаҳат бериш борасида давом этади.

Аввалроқ Ироқ қуролли кучлари қўмондонлиги бирлашган штаби вакили Таҳсин ал-Хафажий хорижий кучларнинг катта қисми Ироқни тарк этганини маълум қилган.

Ироқ парламенти 2020 йил январда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси “Ал-Қудс” махсус бўлими қўмондони Қосим Сулаймоний ва ироқлик шиа кучлари бошлиғи ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандиснинг Бағдод аэропорти яқинида АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилганига жавобан хорижий кучларнинг Ироқдан олиб чиқилишига овоз берган. Шундан кейин АҚШ бошчилигидаги коалиция ироқлик ҳарбийларга аввал америкалик ҳарбийлар жойлашган бир қатор объектларни, жумладан, бир нечта авиабаза ва коалиция ҳарбий маслаҳатчилари бош қароргоҳини топширган.

Мавзуга оид