Ўзбекистон | 22:10 / 09.12.2021
17888
2 дақиқада ўқилади

Кадастр агентлиги: Ноқонуний эгалланиб иморат қурилган 26,7 гектар ердаги биноларни бузиш бўйича суд қарори қабул қилинди

Ўзбекистонда қарийб 2,5 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ва у ҳудудларда ноқонуний иморатлар қурилгани аниқланди. Кадастр агентлиги бундай қонунбузилиш содир этган шахсларга огоҳлантириш хатлари юборган.

Фото: Kun.uz

2021 йилнинг 11 ойи давомида ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва у ҳудудларда ноқонуний иморатлар қурилишига оид 15 минг 416 та (2 496,5 гектар) қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Кадастр агентлиги хабарига кўра, мазкур ерлардан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган қисмида энг кўп — 8 минг 395 та қонунбузилиш ҳолатлари ошкор бўлган. Бу қарийб 1 минг 911 гектарга тенг.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аҳоли пунктлари ерларида 6 минг 331 та (487 гектар), захира ерларда 559 та (91 гектар)ни ташкил этган. 

Саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерларда 17 та (2 гектар), ўрмон фонди ерларда 31 та (3 гектар) ва сув фонди ерларда 83 та (2 гектар) қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.  

Агентлик томонидан мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш бўйича 15 минг 416 та ер қонунбузилишини содир этган шахсларга огоҳлантириш хатлари юборилган.

“Ер қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман (шаҳар) ҳокимликларига 8 минг 500 та (1 минг 173 гектар) тақдимномалар киритилди. 2 минг 655 та (260,3 гектар) ҳолатда судларга киритилган даъво аризаларига асосан 496 та (26,7 гектар) ҳолатда суднинг ҳал қилув қарори (ноқонуний қурилмаларни бузиш бўйича) қабул қилинди”, дейилади манба хабарида.

Маълум қилинишича, айни пайтда 2 минг 159 та (233,6 гектар) ҳолат бўйича суд жараёни давом этмоқда. Ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чора кўриш учун 4 минг 720 та (805,9 гектар) ҳолат юзасидан прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилиб, ҳозирги кунда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид