Жаҳон | 19:52 / 09.12.2021
7528
2 дақиқада ўқилади

Хитой трансмиллий корпорациялардан Литва билан алоқаларни узишни талаб қилди

Айрим компаниялар Литвадаги етказиб берувчилар билан шартномаларни бекор қилган.

Фото: AP

Хитой трансмиллий корпорациялардан Литва билан алоқаларни узишни талаб қилди ҳамда акс ҳолда компаниялар ўз маҳсулотларини Хитойда сота олмаслиги билан таҳдид қилмоқда, деб ёзади Reuters Литва ташқи ишлар вазири ўринбосари Мантас Адоменасга таяниб.

Агентликнинг ёзишича, Литванинг Хитой билан тўғридан тўғри савдо ҳажми сезиларли эмас, аммо бу ерда Хитойга маҳсулотларини сотадиган трансмиллий корпорациялар учун товар ишлаб чиқарувчилар жойлашган.

«Хитой трансмиллий корпоцияларга агар улар Литвада ишлаб чиқарилган бутловчи қисмлар ва материаллардан фойдаланадиган бўлса, ўз маҳсулотларини Хитой бозорида сота олмаслиги билдирилган хабарлар жўнатмоқда», — деди Адоменас.

 Унинг қўшимча қилишича, айрим компаниялар Литвадаги етказиб берувчилар билан шартномаларни бекор қилган.

Хитойнинг трансмиллий компанияларга босим ўтказаётганини Литва саноатчилар конфедерацияси ҳам тасдиқлади. Ташкилот вакили Видмантас Янулявичюс шу ҳафтада ана шундай босим қайд этилганини маълум қилди.

Литва ўзини қўллаб-қувватлашини сўраб Еврокомиссияга мурожаат қилди, деб ёзади Reuters. Мамлакат ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис Хитойга қарши туриш учун Евроиттифоқ даражасидаги жавоб зарурлиги айтилган мактуб жўнатган.

Ўз навбатида, Еврокомиссия ЕИ альянснинг ҳар қандай аъзосига нисбатан сиёсий босим ва мажбурий чораларга қарши туришга тайёрлигини билдирган.

Хитой Литва билан дипломатик алоқаларни ишончли вакил даражасига туширган. Бунга Вилнюсда Тайван ваколатхонаси очилиши сабаб бўлди.

Хитой буни “икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги коммюнике тамойилларининг қўпол бузилиши” деб ҳисоблади ва Литвадан ўз элчисини чақиртириб олди.

Пекин шунингдек, Литвага темир йўл ташувларини тўхтатиб қўйди, Литва корхоналари учун кредит лимитини камайтирди.

Тайваннинг Европа ва АҚШда ҳам бошқа ваколатхоналари бор, аммо улар орол номи билан эмас, Тайбэй шаҳри ваколатхонаси деб номланади.

Мавзуга оид