Ўзбекистон | 17:43 / 10.12.2021
7373
2 дақиқада ўқилади

Коммунал соҳадаги монополиялар истеъмолчиларни асоссиз қарздорликка киритиб қўйган ҳолатлар аниқланди

Антимонополия қўмитаси коммунал хизматлар, газ ва электр таъминоти корхоналари истеъмолчилар билан тузган 250 дан ортиқ шартномаларни ўрганиб чиқиб, истеъмолчилар манфаатларига путур етказилган 150 та ҳолатни аниқлади.

Коммунал хизматлар, табиий газ ва электр таъминоти соҳасида истеъмолчилар билан шартномалар тузишда қонунчилик талаблари бузилмоқда, бу эса асоссиз қарздорликларни келтириб чиқаряпти, дея маълум қилди Монополияга қарши курашиш қўмитаси.

Қайд этилишича, қўмита табиий монополия субъектларининг 250 дан ортиқ шартномаларини ўрганиб чиққан. Ўрганиш натижаларига кўра, 150 та ҳолат (шундан 45% газ таъминоти, 15% электр энергия таъминоти, 15% иссиқлик энергияси таъминоти, 15% сув таъминоти ва 10% бошқа соҳаларга тегишли) истеъмолчиларнинг манфаатларига ва монополияга қарши қонунчилик талабларига зид экани аниқланган.

“Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди”, – дейилади хабарда.

Аксилмонопол орган истеъмолчиларни муаммоларни аниқлашда бевосита иштирок этишга таклиф қилди. Таклифларни 71 207 47 00 рақамига мурожаат қилиш ёки [email protected] электрон манзилига юбориш сўралмоқда.

Қўмитанинг бу ўрганиш ишлари шу йил 14 сентябрдаги “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижроси доирасида олиб борилмоқда.      

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид