Жаҳон | 12:19 / 10.12.2021
14865
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларнинг IT-картаси жорий қилинади

Россиянинг миграция сиёсатида ўзгаришлар юз бериши кутиляпти. Қонунчиликни ислоҳ қилиш якунланмоқда, 2022 йил ўрталарида унинг лойиҳаси Думага тақдим этилади, йил охирига қадар эса қонун қабул қилиниши билан мигрантлар учун рақамли IТ-карта жорий этилади. Бу ҳақда «Российская газета» Россия Мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженовга таяниб хабар берди.

Фото: emcmo.mosreg.ru

Вадим Коженовнинг сўзларига кўра, IТ-карта ишчиларнинг туғилган мамлакати томонидан берилган паспортлари ўрнини босади ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлади.

«У бутун Россия бўйлаб 10 йил амал қилади, ишлаш учун патент эса берилган ҳудудга боғланади. 10 йилдан кейин, карта эгасида қонунбузарликлар бўлмаса, у муддатсиз бўлиб қолади», - деди Коженов. 

Унинг маълум қилишича, иш берувчилар ва мигрантларнинг электрон реестрлари тайёрланмоқда. Улар хорижликларнинг ишга «рақамли» ёлланишини тартибга солади. Шу тариқа, Коженов миграция оқими камайиши ҳақидаги маълумотни билвосита рад этди. 

Аксинча, Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда рўйхатга олинган хорижликлар сони кўпайган. Агар 2020 йилда 8 миллион 327 минг 24 киши рўйхатга олинган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 10 миллион 616 минг 980 кишигача ошди. 

Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) маълумотларига кўра, 2021 йилда Россияда муҳожирлар сони кўпайди, бироқ улар етказиб бериш ва қурилиш соҳаларида етишмаяпти. ЕИКнинг Москва давлат университети социологлари тадқиқотларига таянган ҳолда таъкидлашича, маҳаллий ишчилар мигрантларнинг 55 фоизигача бўлган қисми ишлаётган қурилиш соҳасидагина муҳожирлар билан рақобатлаша олади. Аммо уй-жой ва коммунал соҳада (мигрантларнинг 35 фоизи) ва қишлоқ хўжалигида (27 фоиз) ишчи кучи танқислиги сақланиб қолади. 

ЕИК прогнози ҳам шунга боғлиқ: 2022 йилдан бошлаб хорижий ишчи кучини «мақсадли» тармоқларга – уй-жой ва коммунал хўжалиги, омборхоналар иши ва қишлоқ хўжалигига йўналтириш режалаштирилмоқда. 

Ушбу фаолият турлари учун мигрантнинг IТ-картани олиши осонроқ бўлади. Янги тенденциянинг билвосита далилига Россия фуқаролигини олган хорижликлар сонининг ошгани айланди - 2020 йилдаги 504 минг 782 кишидан 2021 йилдаги 609 минг 905 кишигача. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид