Жамият | 22:19 / 11.12.2021
18201
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Mercedes машинаси ҳайдовчилари инспекторнинг тўхташ ишорасига бўйсунмай қочиб кетишга уринди

Тошкент шаҳрида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси асосида ўтказилган тунги рейд давомида Mercedes русумидаги автомобилларнинг ҳайдовчилари инспекторнинг ишорасига бўйсунмасдан қочиб кетишга уринди. Ҳар икки машина мажбурий тартибда тўхтатилди.

Пойтахт ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати тақдим этган, рейд жараёни акс этган видеолавҳада Mercedes гелендваген русумли автомобиль йўл ҳаракати хизмати инспекторининг жизель орқали тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмай қочиб қолганини кўриш мумкин.

Бу автомобиль ИИББ махсус бўлинмаси ходимлари томонидан мажбуран тўхтатилганда ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсирида экани маълум бўлади.

“Туғилган кунда ўтирдим. Ароқ ичдим. “Нарушение” қилдим. Жарима ёзинглар, [машинани] “штрафной”га тиқинглар. “Правамни решать” қилинглар”, дейди ҳайдовчи махсус рейдни ўтказаётган ЙҲХБ ходимларига.

Рейд давомида Mercedes-Benz S классига мансуб автомобилни бошқариб кетаётган ҳайдовчи ЙПХ билан мушук-сичқон ўйнамоқчи бўлади. Бироқ видеотасвирларда у узоққа қочиб кетолмагани, тез орада мажбуран тўхтатилгани акс этган.

“Тўхташ ҳақидаги ишорани кўрмай қолибман”, дея ўзини оқлашга уринган ҳайдовчига нисбатан содир этган қоидабузарлиги бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилган.

Мавзуга оид