Жамият | 19:01 / 13.12.2021
71882
2 дақиқада ўқилади

2 нафар ИИБ ходими қамоққа олинди. Улар 2 аёлни фоҳишаликда гумонлаб суриштирув ўтказган

Тошкентда икки аёлни фоҳишаликда асоссиз айблаб, уларни қамаган профилактика инспекторларининг ўзи қамоққа олинди.

Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда аёлларни фоҳишалик билан шуғулланаётган пайти қўлга олгани айтилган ички ишлар ходимлари қамоққа олингани юзасидан маълумот берди.

«Жорий йилнинг 9 август куни Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимлари мансаб ваколатлари доирасидан четга чиққан ҳолда яшаш хонадонига кириб келаётган икки нафар аёлни асоссиз фоҳишаликда айблаб, ИИБ таянч пунктига олиб боришган ва у ерда уларнинг ҳуқуқларини бузишга қаратилган ҳаракатлар содир этишгани аниқланган», дейилади расмий баёнотда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 206- ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, жиноий иш доирасида икки нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда фоҳишалик билан шуғулланаётгани айтилган аёллар ушлангани, лекин уларнинг ўзлари буни инкор қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилгани, аёллар ва профилактика инспекторлари ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун Чилонзор тумани прокуратурасига юборилганини маълум қилганди.

Бир неча кун аввал ўша воқеа туфайли қамалган ИИВ ходимларидан бирининг онаси ўғлининг айби йўқлигини, ишга бошқа мансабдорлар аралашган бўлиши мумкинлигини айтиб, президентга видеомурожаат қилиб чиқди.

Kun.uz билан суҳбатлашган ИИВ матбуот котиби ҳозирча ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар мавжуд эмаслигини билдирди.

Мавзуга оид