21:15 / 13.12.2021
7946

Тайван Хитой машғулотлар ўтказиш ниқоби остида оролга ҳужум қилишидан хавотирланмоқда

Тахмин қилинишича, операциянинг биринчи босқичида Хитой армияси машғулотлар давомида қуруқликдаги кучлар, ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларини ишга солади.

Фото: AFP

Хитой халқ озодлик армияси (ХХОА) Тайван яқинидаги машғулотларни кутилмаган десант операциясига айлантирган ҳолда оролга ҳужум қилиши мумкин деб хабар берди South China Morning Post (SCMP) нашри Тайван мудофаа вазирлиги маърузасига таяниб.

Ҳужжатга кўра, воқеаларнинг бундай ривожи 2025 йилга бориб Тайванга киришни кўзлаган Пекиннинг мақсадига мос тушади.

Вазирликнинг тахминича, операциянинг биринчи босқичида ХОАК машғулотлар давомида қуруқликдаги кучлар, ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларини ишга солади.

“Сўнгра хорижий кучларнинг Тайванга ёрдам беришига тўсқинлик қилиш ва стратегик қуршовга олиш учун Тинч океанининг ғарбий қисмига турли кемаларини жўнатади”, — дея ҳужжатдан иқтибос келтиради SCMP.

Тайван ҳарбийларининг тахминига кўра, ХОАК операция вақтида баллистик ва қанотли ракеталар билан Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа, радар тизимлари ва қўмондонлик марказларига зарбалар беради.

Денгиз ва ҳавода ҳукмронлик ўрнатганидан сўнг оролдаги ҳарбий базаларга зарба бериш учун десантлар ташланади. Операциялар тезкорлик билан, хориж кучлари аралашгунига қадар ўтказилади.

Маърузада шунингдек, тайванлик депутатлар мудофаа вазирлигининг махсус бюджетини қўллаб-қувватлашга чақирилган. Нашрнинг эслатишича, ноябрда маҳаллий маъмурият оролнинг мудофаа салоҳиятини ошириш учун 8,54 млрд доллар миқдоридаги қўшимча ҳарбий бюджетни маъқуллаган.

Top