Ўзбекистон | 19:14 / 14.12.2021
5095
2 дақиқада ўқилади

Барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида конституциявий ислоҳотлар қилиш таклифи илгари сурилган – Акмал Саидов

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг маълум қилишича, жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтган президент сайловида барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш таклифини илгари сурган. Бу ҳақда Акмал Саидов қуйи палата расмий сайтида эълон қилган «Конституциявий ислоҳотлар — давр талаби» сарлавҳали мақоласида айтиб ўтган.

Бир вақтнинг ўзида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори ҳисобланган депутат Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлганини эслатган ҳамда бир пайтнинг ўзида ислоҳотлар талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилишини айтган.

Шунингдек, Акмал Саидов жаҳон конституциявий жараёнлари тарихи ҳақида ҳам сўз юритади.

«Бугун дунёда бирор-бир Конституция илк бор қабул қилинган таҳририда сақланиб қолмаган. Биргина XXI асрда дунёнинг 90га яқин давлатида конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди, 57тасида янги Конституция қабул қилинди. Бу борада Конституцияга энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ўнта давлат сирасига Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон киради», — дейилади мақолада.

Бундан ташқари, Саидов конституциявий ислоҳотларнинг мазмуни ва йўналишлари, ижтимоий давлатнинг конституциявий концепцияси, Конституцияда хусусий мулкчилик ва қонунчиликдаги экологик муаммоларга тўхталган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев асосий қомусни янгилаш тўғрисида гапириб ўтган ҳамда конституциявий ислоҳотлар учун 9та заруратни санаган эди.

Мавзуга оид