Ўзбекистон | 10:23 / 14.12.2021
4029
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим имзолайди

Жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Ҳиндистон савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Суҳбат чоғида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ҳамда амалий таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида иқтисодий ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳиндистоннинг тегишли вазирликлари, давлат идоралари ва хусусий компаниялари билан учрашувлар ўтказиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Деҳлига ташриф буюриши масалалари кўриб чиқилди.

2022 йил бошида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 13-йиғилишини ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарларининг 2022 йил январь ойида Гужарат штатида бўлиб ўтадиган 10-Глобал саммитда иштирок этишини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодий шериклигига доир вазифаларни тизимлаштириш ҳамда уларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича самарали таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида савдо-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ишчи гуруҳини тузиш ва унинг биринчи йиғилишини ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида битим тайёрлаш ва имзолаш жараёнини тезлаштириш бўйича якдил фикр билдирди.

Икки мамлакат ўртасида инвестициявий ҳамкорликнинг ривожланиши муҳокама қилинди. Томонлар келгуси йилнинг биринчи чорагида имзолаш мақсадида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим лойиҳаси муҳокамасини фаоллаштириб якунига етказишга келишди. 

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.

Мавзуга оид