Ўзбекистон | 21:10 / 14.12.2021
26691
3 дақиқада ўқилади

Президент Абдураззоқов ва Турдимовга вилоят марказларида йирик савдо мажмуалари фаолиятини ташкил этиш бўйича топшириқ берди

Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 декабрь куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселекторда Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида юқори даромадли хизматларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши маълум қилинди.

Президент йирик, замонавий савдо ва кўнгилочар масканлар ушбу шаҳарларнинг «ташриф қоғози»га айланиши зарурлигини таъкидлади.

«Лекин бугунги кунда Самарқанд шаҳрида майдони 10 минг квадрат метрдан ошадиган атиги 4та замонавий гипермаркет мавжуд бўлса, Наманган шаҳрида энди қурилмоқда.

Абдураззоқов (Наманган вилояти ҳокими) келгуси йилда майдони 200 минг квадрат метр бўлган 3та, Турдимов 400 минг квадрат метр бўлган 7та йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари фаолиятини ташкил этсин.

Бошқа вилоят ҳокимлари ҳам, вилоят марказларида ана шундай йирик савдо марказларини барпо қилиб, борганимда менга кўрсатади», дея президентнинг сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

Пойтахтнинг Сергели туманидаги ер усти метроси атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингта иш ўрни яратиш имконияти борлиги, шунингдек, рассомчилик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиладиган «санъат кўчалари» ташкил этиш мумкинлиги қайд этилди. 

Мутасаддиларга музейлар фаолиятини яхшилаш, кўргазмаларини кенгайтириш ва туристлар учун янги йўналишлар очиш юзасидан кўрсатма берилди.

«Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда «Такс фри» тизимини жорий этиш, шаҳар ичида «Дюти фри» дўконларини ташкил этиш орқали чакана савдо ҳажмини 2-3 баробарга ошириш мумкин.

Умуман, хорижий меҳмонларга харидлари учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизимини барча туристик шаҳарларда йўлга қўйиш лозим. Икки ой муддатда божсиз савдо дўконларини ташкил этиш ҳудудларини белгилаб, лойиҳалар бошлансин.

Тошкент, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида хизмат кўрсатиш соҳасида 750 минг иш ўрни яратилади. Ушбу 3та шаҳар мисолида кўрсатиб берилган имкониятлар, барча вилоят марказлари ва йирик шаҳарлар учун тегишли», деди давлат раҳбари.

Келгуси йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга 500 миллион доллар ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.

 

Мавзуга оид