Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон билан ядровий келишув борасидаги музокаралар муваффақиятсизлик чегарасига яқинлашяпти. Бу ёғига нима бўлади?
Теҳрон билан ядровий келишув бўйича музокараларнинг навбатдаги раундида иштирок этувчи Ғарб мамлакатлари Венадаги учрашув вақтни беҳуда ўтказиш эканини маълум қилди. Чунки Эрон томони келишув йўлини атайлаб тўсадиган шартларни илгари сурди.
Австрия пойтахти бир томондан АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия, бошқа томондан Эрон иштирокида 4+1 форматидаги музокаралар еттинчи раундига мезбонлик қилмоқда.
Айрим хабарларга кўра, Эрон аввалги олти раунд давомида эришилган муросаларнинг баридан воз кечган. Иқтисодий санкцияларни бекор қилиш эвазига Эронни ўз ядро дастурини ишлаб чиқиш имкониятидан маҳрум қилувчи ядровий келишув 2015 йилда Барак Обама администрацияси даврида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида имзоланган. Оқ уйнинг навбатдаги раҳбари Дональд Трамп АҚШни мазкур келишувдан чиқариб ташлади, янги президент Жо Байден эса музокараларга қайтиш ташаббуси билан чиқди.
Бироқ ҳозирда Венада бўлиб турган инглиз, француз ва немис делегациялари келишувни янгилаш вақти деярли ўтиб кетган деб ҳисоблашмоқда. Унинг янги шартларини муҳокама қилишдан ташқари, келишув музлатилган вақтда Эрон ўз ядро дастурини ривожлантириш бўйича қандай сакраш қилгани ҳисобга олинса, эски шартларни ҳам кўриб чиқиш керак бўлади. Бу эса бошқача форматни талаб этади.
Теҳрон вакиллари, ўз навбатида, ғарблик ҳамкорлар Эронга нисбатан айблов оҳангини танлаб, ўзларини ноконструктив тутаётганини маълум қилмоқда.
«Айрим иштирокчилар ҳақиқий дипломатия билан шуғулланиш ўрнига бизни бармоқ билан кўрсатиш одатидан ҳеч қачон воз кечмайдилар», дея ёзди Эрон делегацияси раҳбари Али Багери Кани ўз Twitter’ида.
Унинг таъкидлашича, Теҳрон Европага ўз шартларини аллақачон баён қилган ва келишмовчиликларни бартараф этиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. «Дипломатия бу – икки томонлама ҳаракатланиладиган кўча. Агар қайсидир хатони тўғрилаш учун чинакам интилиш бўлса, манфаатли битимга йўл тезда топилади», деди у.
Ставкалар баланд
Эрон ва АҚШ ўртасидаги билвосита музокаралар жорий йил апрель ойидаёқ бошланганди. Бироқ ёз фасли сўнгида, Иброҳим Раисий президент этиб сайлангач, улар қолдирилди.
Раисий Ғарбга нисбатан қаттиққўл позиция танлагани билан танилган. У Ғарбнинг Эронга қарши иқтисодий санкцияларини ўз мамлакати учун фойда, деб ҳисоблайди. Чунки уларга ўз иқтисодиётини модернизация қилиш ва ривожлантириш учун имконият сифатида қарайди.
2021 йил якунидагина Эрон музокаралар столига қайтишга розилик берди. Бироқ эронликлар Венага қатъий шартлар рўйхати ва кўплаб масалалар бўйича муросасиз позиция билан келди.
Хусусан, Теҳрон янги келишув шартлари (агар унга эришилса) Оқ уйнинг кейинги барча администрациялари томонидан бажарилиши лозимлигини таъкидламоқда. АҚШ сиёсий тизимининг ўзига хослиги ҳисобга олинса, бу шартни бажариш мутлақо мумкин эмас.
Таҳлилчилар Венадаги ставкалар юқори эканини айтишмоқда. Музокаралар муваффақиятсизликка учраши Яқин Шарқдаги можаронинг янги босқичига айланиши мумкин. Эрон билан боғлиқ масалаларда дипломатик келишувга умид қилмайдиган Исроил қўл қовуштириб ўтирмайди.
Исроил Эрон ядро дастурини ўз хавфсизлигига бевосита таҳдид деб билади ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Саудия Арабистони ёрдамини олишга ҳаракат қилади. Ушбу икки мамлакат Эрон билан душманлик ҳолатида, Исроил билан эса аксинча, яқинлашиш юз берди.
2020 йил сентябрида Дональд Трамп воситачилигида БАА ва Исроил тинчлик битимини имзолашди. Жорий йил куз фаслида томонлар бир-бирлари учун ҳаво кенгликларини очишди.
Яқинда Абу-Дабида Исроил бош вазири Нафтали Беннет ва Бирлашган Араб Амирликлари валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Зайд ибн Султон Ал-Наҳаён ўртасида илк тарихий учрашув бўлиб ўтди.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, икки етакчининг расмий баённомаларида Эрон мавзуси кўрсатилмаган бўлса-да, улар мазкур масалани муҳокама этишгани аниқ.
Сўнгги огоҳлантиришми?
Индонезияга ташриф буюрган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг маълум қилишича, Венада музокаралар муваффақиятсизликка учраган тақдирда Вашингтон захирасида бир неча муқобил вариантлар мавжуд.
«Яқин вақтгача биз дипломатия йўлидан бордик, чунки бу энг яхши йўл. Бироқ муқобил вариантларни ишлаб чиқиш учун иттифоқчилар билан фаол ҳамкорлик қиляпмиз», деди у.
Блинкеннинг фикрига кўра, Эрон музокараларга келган бўлса-да, амалда иштирок этмаяпти, келишувни тиклаш вақти эса тез тугайди.
«Агар яқин вақт ичида ҳақиқий ютуққа эришилмаса, Эрон бўйича келишувни бўш нарса дея ҳисоблаш мумкин», деди давлат котиби.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ҳам Эронга нисбатан қўшимча чоралар қўлланиши мумкинлигини айтган. Бироқ уларнинг моҳияти нимадан иборат эканига ойдинлик киритмаган.
Буюк Британия ТИВ раҳбари Элизабет Трасс конструктив ва реал таклифлар билан музокаралар столига ўтириш учун сўнгги имконият қолгани ҳақида Эрон делегациясини огоҳлантирганди.
Мавзуга оид
12:58
Тошкент АҚШ ва Эрон ўртасидаги дипломатик ютуқни юқори баҳолади
08:37
Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар олиб ташланди, музокаралар бошланди
22:16 / 18.06.2026
АҚШ вице-президенти Ҳўрмуз бўғози блокадаси очилганини эълон қилди
21:12 / 18.06.2026