Ўзбекистон | 10:55 / 15.12.2021
1326
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қарздор ота фарзандлари учун 100 миллион сўм алимент тўлади

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида қарздор ота фарзандлари вояга етгунча бўлган муддат учун 100 миллион сўм алимент тўлаган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 19 декабрдаги буйруғига асосан З.Қ.дан вояга етмаган икки нафар фарзанди моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Сариосиё туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Қарздор ота вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти учун алимент пулини олдиндан тўлаб бериш имконияти борлигини билдириб, МИБ ходимларига мурожаат қилган.

Шундан сўнг, давлат ижрочиси томонидан икки нафар фарзанднинг 18 ёшгача бўлган алимент миқдори ҳисоблаб берилган. Қарздор ота собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда 100 миллион алимент пулини нақд тўлаб берган.

Ҳужжатлар нотариал тартибда расмийлаштирилгандан сўнг, МИБ Сариосиё туман бўлими томонидан ижро ҳужжати муддатидан олдин тугатилиб, қарздорга нисбатан қўлланган барча чеклов чоралари бекор қилинган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид