Жамият | 18:36 / 15.12.2021
7396
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида спиртли ичимлик ичиб машина бошқарган ҳайдовчи ЙПХ ходимига 1 миллион сўм пора бераётганда ушланди

Тошкент вилояти Бўка туманида спиртли ичимлик ичиб машина бошқарган ҳайдовчи ЙПХ ходимига 1 миллион сўм пора бераётганда ушланган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 13 декабр куни Бўка туманида хизмат олиб борган ЙПХ ходими меъёрий ҳужжатларини текшириш мақсадида “Газ-53” юк машинасини тўхтатган. Мулоқот жараёнида ЙПХ ходими ҳайдовчи Ж.М.ни спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонлаган ва мастлик ҳолати бор ёки йўқлигини билиш мақсадида текширувга таклиф қилган.

Ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини айтган, лекин текширувдан ўтишдан бош тортган ва ушбу хатти-ҳаракатини ўз тушунтириш хатида баён этган. Шундан сўнг ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 136-моддаси тартибида баённома расмийлаштириб, машинани вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирган.

Ҳайдовчи баённомани бекор қилиш ва машинани жарима майдонидан олиб чиқиш эвазига ЙПХ ходимига 1 миллионни пора тариқасида таклиф қилган. ЙПХ ходими вилоят ИИББ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ходимнинг билдиргиси асосида 2021 йил 13 декабрь куни соат 16:30 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро Ж.М. ЙПХ ходимига 1 миллион сўмни пора тариқасида бераётган вақтда қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бўка тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид