Жамият | 18:48 / 03.12.2021
33569
3 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда солиқчининг ўлимига сабаб бўлган ЙҲХБ ходимларига суд ҳукми ўқилди

Фото: Видеодан кадр

Жорий йил 10 июн тунда Каттақўрғон туманида ИИБ ЙҲХБ ходимлари туман солиқ идораси бошлиғи ўринбосари Азизбек Аҳмедовнинг ўлимига сабаб бўлганди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг хабар беришича айбдорларга суд ҳукми ўқилган.

Маълум қилинишича, 3 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида судланувчилар М. Қўчқоров (1987 йилда туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш. Раҳимбердиев (1990 йилда туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етган. Айбдорларга суд ҳукми ўқилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, М.Қўчқоров ва Ш.Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 июн куни Каттақўрғон тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этган. Мазкур ҳодиса ОАВда тарқалгач ИИВ матбуот котиби муносабат билдириб, солиқчи бошқарувидаги Cobalt светофорнинг қизил чироғида тўхтамасдан, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлганини, сўнг ҳайдовчи машинани ташлаб, пиёда қочишга уринганини маълум қилганди. Аммо Kun.uz суриштирувида воқеалар тафсилоти бошқачароқ бўлгани аниқланганди.

Мавзуга оид