20:24 / 16.12.2021
34752

Акбар Жўраев жаҳон чемпионига айланди, Руслан Нуриддиновда кумуш

Токио Олимпиадаси ғолиби Акбар Жўраев оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионига айланди ва рекорд ўрнатди, Руслан Нуриддинов кумуш билан кифояланди.

Фото: Tribuna.uz

16 декабрь куни Тошкент шаҳри мезбонлигидаги оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида -109 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар ўртасида беллашувлар бўлиб ўтди.

Бугунги баҳсларда Ўзбекистон номидан сўнгги икки Олимпиаданинг чемпион ва рекордчилари Руслан Нуриддинов ҳамда Акбар Жўраев иштирок этди.

Даст кўтариш бўйича Руслан Нуриддинов учта уринишдан биттасини кўтаришга муваффақ бўлди ва 185 кг билан жаҳон чемпионатининг кичик бронза медалини қўлга киритди. Токио Олимпиадаси чемпиони Акбар Жўраев учала уринишни ҳам муваффақиятли якунлаб, 195 кг натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Кумуш медал эса Жўраевга Токио Олимпиадасида олтин медал учун рақиблик қилган арманистонлик Симон Мартиросянга насиб этди - у 188 кг натижа қайд этди.

Даст кўтариш бўйича энг яхши натижа эгалари:

  1. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 195 кг;
  2. Симон Мартиросян (Арманистон) – 188 кг;
  3. Руслан Нуриддинов (Ўзбекистон) – 185 кг.

Силтаб кўтариш бўйича ҳам жаҳон чемпионатининг кичик олтин медалини Акбар Жўраев ўзиники қилди. У 226, 232, 236 кг тошни кўтарди. Руслан Нуриддинов эса учта уринишдан иккитасини кўтара олди (227 , 236 кг) ва иккинчи бўлди - унинг жаҳон рекордини янгилаш учун 242 кг тошни кўтаришга уриниши муваффақиятсиз чиқди (жаҳон рекордини Нуриддиновнинг ўзи 2021 йил апрелида Тошкентдаги Осиё чемпионатида ўрнатган - 241 кг). Учинчи ўринни Симон Мартиросян банд этди (228 кг).

Силтаб кўтариш бўйича энг яхши натижа эгалари:

  1. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 238 кг;
  2. Руслан Нуриддинов (Ўзбекистон) – 236 кг;
  3. Симон Мартиросян (Арманистон) – 228 кг.

Иккикураш бўйича Акбар Жўраев жами 433 кг натижа қайд этиб, олтин медалга эга чиқди. Руслан Нуриддинов 421 кг натижа билан кумуш медал соҳибига айланди, Симон Мартиросян 416 кг натижа билан бронза медалини қўлга киритди.

Иккикураш натижалари: 

  1. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 433 (195+238) кг;
  2. Руслан Нуриддинов (Ўзбекистон) – 421 (185+236) кг;
  3. Симон Мартиросян (Арманистон) – 416 (188+228) кг.

Шу тариқа, Акбар Жўраев уч йўналишда ҳам олтин медалга эга чиқди. У Токио Олимпиадасида жами 430 кг (193+237) тош кўтариб, олтин медалга сазовор бўлганди.

Go Sport’нинг қайд этишича, Акбар Жўраев мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб бир тақвим йилида ҳам Олимпиада, ҳам жаҳон чемпионати олтин медалини қўлга киритган илк спортчига айланди. Бу эса тарихий рекорд ҳисобланади.

Top