Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллий жамоадан кетиш сабаби, ўзбек футболидаги энг катта муаммо, орзусидаги Ўзбекистон – Одил Аҳмедов билан интервью
Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ сардори Одил Аҳмедов «Офсайд» кўрсатуви меҳмони бўлиб, интервью давомида миллий жамоадаги фаолиятини нега тугатгани, ўзбек футболидаги энг катта муаммо, Эктор Купернинг истеъфоси, Саудия Арабистонига қарши ўйин олдидан Абрамовга нималар дегани ва Бабаян, Сергеев, Машарипов ҳақида фикрларини айтиб, хусусий академияси учун ойига неча миллион сўм сарфлаётганини ҳам очиқлади.
«Куперга ҳам, Абрамовга ҳам тушунтиргандим...»
34 ёшли ўзбекистонлик яримҳимоячи интервьюда миллий жамоадаги фаолиятини аслида 4 йил аввал якунламоқчи бўлганини айтиб ўтган.
- Аслида миллий жамоадан шу йил эмас, бунданам эрта кетиш ниятим бор эди. 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиздан кейин халқаро фаолиятимни тугатишга қарор қилгандим. Чунки жаҳон чемпионатининг учта саралаш босқичида ўйнаб бўлгандим. Аммо Эктор Купер келгач, унга қароримни тушунтирган бўлсам-да, у «Йўқ, сен бизга кераксан» деб қолдирди.
Купернинг фаолиятидан кейин Вадим Абрамов бош мураббий бўлгач, у кишига ҳам миллий жамоадан кетмоқчи эканлигимни айтгандим. Лекин Карленович ҳам «Футболимизга кераксан, миллий жамоада тажрибали етакчилар бўлиши шарт», деб мени кўндирганди. Қўлдан келганча ёшларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга интилдим.
Ёзда ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи омадсиз якунлангач, тугатиш ҳақида якуний қарорга келгандим ва ўша ҳисобот йиғилишда журналист савол берганида эҳтимол ҳиссиётларга берилгандирман – миллий жамоадаги фаолиятимни якунлаганим ҳақида гапириб, буни барчага маълум қилдим. Бундан афсусда эмасманми? Йўқ, мен қилган ишим, қабул қилган қарорларимдан афсусланмайман.
«Сергеев – машғулотларда энг яхши, ўйинда бошқа одамга айланарди». Бабаян агент-мураббийми?
Суҳбат давомида Одил Аҳмедов Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаяннинг ўз ўйинчиларига кўпроқ имконият бергани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.
- Ўшанда Самвел Бабаян Игорь Сергеев ёки Александр Лобановни қаергадир сотиш учун миллий жамоада ўйнатган, деган фикрларга қўшилмайман. Масалан, ўша пайтда ҳозиргидек ҳужумчилар танлови катта бўлмаган. Айтайлик, ҳозир Шомуродов яхши спорт формасида ва Игорь Сергеев ҳам тайёр ҳолатда. Аммо 2016-17 йилларда ҳужум чизиғида бунақа танлов бўлмаган. Ҳужумчилар бўлган – ўртача савияда эди. Шу боис асосан Сергеевни қўйган ва унинг ўйинини очиб юбормоқчи бўлган.
Миллий жамоа тақдири ҳал бўлаётганда Бабаяннинг тажриба ўтказиши тўғри бўлганми? Биласизми, ҳужумчи «очилиб» кетиши учун битта гол етарли. Гол урса, ўзига ишониб олиб кета оларди. Ўшанда Сергеев машғулотларда энг яхши ўйинчи бўларди, ўйинга чиқиши билан бошқа одамга айланарди. Охирги ўйинларда ҳам босимни кўтара олмай қолганди. Игорнинг ўйинга туширилиши мураббий қарори эди ва қайсидир футболчи «уни таркибга қўйма, бошқани тушир», дея олмасди. Чунки бундай қилгандан кейин ҳамма айб футболчининг ўзига ағдарилиб қўйиларди. Аммо ўша ЖЧ-2018 саралаш босқичининг охирги Жанубий Кореяга қарши ўйинида Сергеев гол уриб қўйганида, Бабаяннинг қилган ҳамма иши тўғри бўлиб чиқар, Игорь қаҳрамон бўларди, ҳозир биз сиз билан ҳеч кимни танқид қилмаётган бўлардик. Футбол ўзи шунақа, ютсанг – ҳамма нарсани тўғри қилган бўласан, ютқазсанг – ҳамма ишни хато қилган бўласан.
«Ўзбек футболидаги энг катта муаммо – футболчининг босимни кўтара олмаслиги»
Бош жамоамизнинг кўп йиллик собиқ етакчиси суҳбат давомида ўзбек футболидаги энг катта муаммони кўрсатиб, миллий жамоада психологлар ишлаши лозимлигини айтган.
- Ўзбек футболидаги энг катта муаммо нима, биласизми? Футболчиларнинг босимни кўтара олмаслигидир. Миллий жамоада шунақа пайтлар бўлганки, «мени миллий жамоага чақиришмаса ҳам майли», дейишган. Босимни кўтара олмагандан кейин футболчи ҳеч қачон ўз ўйинини кўрсата олмайди. Натижада ўйиндаги мақсади – тўпдан қутулиш бўлиб қолади. Хато қилса ҳамма гапиради, гапирса, босимни кўтара олмайди ва руҳан синади. Агар бизда ҳам футболчилар мисол учун европалик ёки жанубий америкалик ўйинчилардек руҳан кучли бўлганида натижаларимиз умуман бошқача бўлиши мумкин эди. Аммо миллий жамоага келганда мухлислар босимидан қўрқиб, «ўйнамасам ҳам майли» дея фикр қилинса, ўша ўйинчининг даражасида пасайиш бўлади.
Психологлар бу масалада ишламайдими? Миллий жамоада психологлар йўқ. 2007 йилдан буён миллий жамоада ўйнаган бўлсам, шу пайтгача фақатгина 2007-2008 йилларда руҳшунослар билан ишлаганман, аммо ўшандан кейин бўлмаган. Бу ишни шу пайтгача асосан бош мураббийлар эплашга уринган. Аммо бу масалада миллий жамоада психологлар ишлаши керак, деб ўйлайман.
Мисол учун, миллий жамоада ҳам, клубида ҳам Жалолиддин Машарипов нега бемалол ўйнайди, ҳаракатлари ўхшайди? Чунки у қўрқмайди, таваккал қила олади. Футболчи таваккал қилишдан, хато қилишдан қўрқмаслиги керак. Жалолиддин ҳар қандай босимни енга оладиган ўйинчи, шу боис ҳам муваффақиятга эришяпти.
Купер истеъфога чиқарилиб, Абрамов тайинлангани тўғри қарорми?
Ўзбекистон миллий жамоаси сардори суҳбат давомида шу саволга ҳам жавоб қайтариб, Эктор Купернинг ўйин услубига тўхталган.
- Бундай истеъфолар футболда доим бўладиган жараён. Жамоа ютқаздими – мураббий айбдор. Ўшанда Фаластинга ютқазганимиз учун ЎФА раҳбарияти шундай қарорга келди. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини айтиш қийин. Эҳтимол, олиб қолинганида натижа яхши бўларди, балки бундан ҳам ёмонроқ бўларди.
Купер Конгони ЖЧ-2022га олиб чиқишга яқин? Тўғри, биз ҳам бу жамоадан кам эмасмиз, аммо жаҳон чемпионатини вазифа қилган жамоада шунга яраша ўйинчи бўлиши керак. Мисол учун, Купер истаган тактикага мос, яхши ўйинчилар бўлиши лозим эди. У талаб қилган услубни майдонда кўрсатиб бера олсак, биз умуман гол ўтказиб юбормаслигимиз керак эди. Аммо бизнинг ўйинчилар унинг тактикасига тўғри келмади.
Саудияга қарши ўйиндан олдин Абрамов билан суҳбат аслида қандай бўлган?
Одил Аҳмедов миллий жамоа сафидаги сўнгги ўйини – Саудия Арабистонига қарши мағлубиятли ўйинда (0:3) ҳимоячи сифатида майдонга тушгани сабабларини айтиб берди.
- Ўшанда миллий жамоага келишдан олдин жароҳат олгандим – қовурғам синганди. Шунга қарамай, Саудия Арабистонида ўтган саралаш босқич турнирининг дастлабки икки ўйинида майдонга тушдим. Учинчи ўйин (Саудия Арабистонига қарши) олдидан бош мураббий Вадим Абрамов олдига кириб, «Карленович, бу ўйинга тайёр эмасман, жисмоний ҳолатим бу баҳсда ўйнай олишимга йўл қўймайди. Ўйнасам ҳам 20 дақиқа ёки ярим соат жамоага ёрдам бера оламан», дегандим. Мураббий «Майли, иккинчи бўлим ярим соатига майдонга тушираман», деб айтгач, келишдик. Аммо Саудияга қарши ўйин куни «Ҳимояда ўйнайсан», деб қолдилар. Ҳайрон бўлдим, аммо бундай пайтда қаршилик қила олмайсиз.
Карленович мураббийлик фаолиятлари давомида бундай тажрибаларга кўп марта қўл урган, қолаверса, ўйин куни йигитлар шуни сўрашди, дейишди. Бундай пайтда йўқ, деб бўлмасди, ҳар ҳолда бу – миллий жамоа. Агар ўша пайтда «Йўқ, ҳимояда ўйнамайман», десам эртага яна ким – Одил Аҳмедов айбдор бўлиб чиқарди. Балким, Вадим Карленович 2011 йилги тактикани қўлламоқчи бўлгандирлар. Мен ҳеч қачон мураббий қарорига қарши чиқмаганман. Қаерда ўйнатса, ўйнаганман.
«2011 йилги таркибимиз энг кучлиси эди»
Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ яримҳимоячиси бош жамоамизда ўзи тўп сурган давридаги энг кучли таркибни танлади.
- 2011 йилдаги таркибимиз жуда кучли бўлган, деб ҳисоблайман. Миллий жамоада ўзим тўп сурган даврлардаги энг кучли ва тўғри танлаган таркиб дея айнан 2011 йил Осиё кубогига борган жамоани айтган бўлардим. Ўшанда миллий жамоа учун номзод футболчилар ҳам жуда кўп бўлган. Шу боис, миллий жамоамизнинг энг кучли даври сифатида 2011 йилги таркиб ва мураббийлар штабини кўрсатаман.
«Odil Junior академияси учун ойига 50-100 миллион сўм сарфлайман»
34 ёшли футболчи суҳбат давомида ўзига қарашли Odil Junior академияси барча иқтидорлар учун бепул экани, барча харажатлар унинг чўнтагидан сарфланишини айтиб ўтди.
- Odil Junior академиямиз учун ойига 50-100 миллион сўм атрофида сарфлайман. Академиядаги мураббийлар маоши, футболчиларнинг яшаши бор. Тошкентдан ташқари, Наманганда ҳам академиямиз бор. У ердагиларнинг овқатланиши ва барча харажатларни таъминлаймиз. Академиямиз тарбияланувчилари учун барчаси бепул.
Шунча қилаётган харажатларимизни ҳеч бўлмаса бир нафар яхши ўйинчини тайёрлаб ҳам, чиқариб олиш мумкин. Худо хоҳласа, болаларни тўғри тарбияласак улар орасидан Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов сингари иқтидорлар етишиб чиқади, деб ўйлайман. Мақсадимиз ҳам шу.
Одил орзусидаги Ўзбекистон миллий жамоаси қандай кўриниш олган бўларди?
Ўзбекистон шарафини 14 йил ҳимоя қилган Одил Аҳмедов миллий жамоа тарихидаги энг кучли ўйинчиларидан иборат рамзий жамоасини тузди.
- Агар мен билан ўйнаган футболчилардан иборат рамзий жамоа тузиш керак бўлса Игнатий Нестеровни дарвозага қўяман. Йўқ, миллий жамоада ўйнаган энг яхши ўйинчилардан иборат рамзий жамоа дейилса, унда таркиб бироз ўзгаради.
Дарвозага Павел Бугалони қўяман. Ҳимоя марказига Андрей Фёдоров ва Бахтиёр Ашурматов, ўнг қанотга Ислом Иномов, чапда Виталий Денисов. Майдон марказига – Азиз Ҳайдаров, Миржалол Қосимов, Темур Кападзе. Ҳужум чизиғига эса Максим Шацких, Александр Гейнрих ва Элдор Шомуродовни танлаган бўлардим.
Бош мураббий? Валерий Непомняшийни қўйган бўлардим.
Қачонлардир миллий жамоани бошқараманми? Йўқ, миллий жамоада мураббий сифатида ишламайман, - дейди Одил суҳбат якунида.
Эслатиб ўтамиз, Одил Аҳмедов 2007 йилдан 2021 йилнинг ёзигача бош жамоамиз сафида тўп суриб, Ўзбекистон ЖЧ-2022 учинчи саралаш босқичига чиқа олмаганидан сўнг миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган эди. 34 ёшли яримҳимоячи Хитой Суперлигаси жорий мавсумида «Цанчжоу Майти Лайонс» сафида 7 ўйинда майдонга тушган.
Мавзуга оид
19:24 / 09.06.2026
Ўзбекистон ва Сенегал вакиллари АҚШда қаттиқ текширувдан ўтказилди
02:23 / 09.06.2026
Ўзбекистон сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, Нидерландияга мағлуб бўлди
19:11 / 08.06.2026
Ўзбекистон ва Нидерландия миллий жамоалари бир кунда иккита ўйин ўтказади
22:26 / 03.06.2026