08:24 / 19.12.2021
12354

Россия НАТО хавфсизликка кафолат бермайдиган бўлса «контртаҳдидлар режими»га ўтишини маълум қилди

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, Россия ва НАТО муносабатларида «ҳақиқат онлари» етиб келди.

Фото: МИД России Facebook

НАТО Россиянинг хавфсизлик кафолати бўйича таклифларини рад этадиган бўлса, Москва ҳам «контртаҳдидлар режими»га ўтади, деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко.

«Бугун биз чегарагача етиб келдик ва бизнинг таклифларимиз батафсил, уларда миллий манфаатларимиз ва Европадаги ҳарбий хавфсизликни қандай кўришимиз тасвирланган», — деди у.

Грушконинг сўзларига кўра, Россия ва НАТО муносабатларида «ҳақиқат онлари» етиб келди.

«Москва қарама-қаршиликнинг ҳарбий ёки ҳарбий-техник сценарийсини сиёсий жараёнга айлантиришни истайди. Агар бу амалга ошмаса, у ҳолда биз ҳам контртаҳдидлар режимини яратишга ўтамиз. Аммо унда нима учун бундай қарорга келганимизни сўрашга кеч бўлади», — деди у.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартнома ва РФ ҳамда НАТОга аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари тўғрисидаги келишув лойиҳаларини эълон қилганди.

Ҳужжатларда Россия ТИВ АҚШ НАТОнинг шарқий йўналишда кенгаймаслиги бўйича масъулиятни зиммасига олиши, илгари собиқ СССР таркибида бўлган давлатларни альянсга қабул қилиш усулидан воз кечиши кераклигини талаб қилган.

Россия шунингдек, ўрта ва кичик масофага мўлжалланган ракеталарни, ядро қуролини ўз ҳудудидан ташқарида жойлаштирмасликни таклиф қилган.

Top