Ўзбекистон | 14:55 / 20.12.2021
6730
6 дақиқада ўқилади

МТВ, ХТВ ва ССВ чиқинди қутилари учун маблағ ажратилишини назорат қилиши керак — Экология қўмитаси

Мактаб, боғча ва шифохоналарга чиқинди қутилари ўрнатилиши учун маблағ ажратилишини вазирликлар назорат қилиши керак, бу президент қарорида белгиланган, деди Қашқадарёда мактаб директорлари жаримага тортилганига изоҳ берган Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида мактабларга чиқинди қути ўрнатмаган директорлар жаримага тортилмоқда. Kun.uz туман Халқ таълими бўлими ва туман Экология бўлимининг бу борадаги бир-бирига зид позицияси ҳақида хабар берган эди.

Директорлар МЖтКнинг 91(2)-моддаси (Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш) асосида жавобгарликка тортилмоқда.

Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Умаржон Абдуллаев масала юзасидан қўшимча изоҳ берди.

“Мактаб билан боғлиқ ҳолатда мактаб маъмуриятининг ўзи чиқиндиларни йиғиш учун жой ташкил этиб, контейнерларни ўрнатиши зарур. Кечаги ҳолат – Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан жойларга чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 787-сон қарори ижросини ўрганиш, мониторинг ўтказиш мақсадида ўтказилган рейд давомида аниқланган ҳолатдир.

Мактаб ҳудудида чиқинди контейнерлари йўқ, чиқинди сочилиб ётибди. Бу биринчи ҳолат эмас. Мурожаатда мактаб директорининг ўзи ҳам бир неча бор огоҳлантириш берилганини айтиб ўтган. Уч маротаба жаримага тортилган. Наҳотки шу жарима ҳамда огоҳлантиришлардан сўнг ҳам ишларни тартибга келтиришнинг иложи бўлмади?

UYNoTvKIHdaF4kxfrinTIY1nZHXdIJ8q.jpg (1280×858)

Бу ишларни мактаб маъмурияти ўзининг маблағлари ҳисобидан қилмайди. Мактаб директори бу ишларни туман ҳокимиятига ёки туман халқ таълими бошқармасига мурожаат қилган ҳолда ташкил этиши керак.

Қўмита тизими инспекторлари жойларга чиқиб, ҳолатни аниқлагандан сўнг огоҳлантириш хатини беради. Огоҳлантириш хатида барча талаблар ёзилади. Хатда қандай асосда жаримага тортилаётгани кўрсатиб ўтилади, яъни Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 787-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91(2)-моддаси билан жазо чораси қўлланилаётгани баён этилади.

Мактаб маъмурияти ўз ҳудудида чиқиндиларни контейнерларда йиғиш тизимини ана шу меъёрий-ҳуқуқий асослар талабларига мувофиқ жорий этиши керак эди”, – дейди Экоқўм расмийси.

Умаржон Абдуллаев

Умаржон Абдуллаевга кўра, бу каби талаблар президент ҳужжатларида ҳам бор. Экология қўмитаси президент ҳузуридаги йиғилишларда ижтимоий объектлар: мактаб, тиббиёт муассасаларини чиқинди контейнерлари билан таъминлашга оид масалаларни кўтарган, бу борадаги топшириқлар давлат раҳбари ўтказган йиғилишлар баёнларига киритилган.

Бундан ташқари, 2020 йилда “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори ҳам қабул қилинган.

Бу қарор билан Молия, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликларига 2021 йилдан бошлаб бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича коммунал хизматлар ҳақини тўлаш ва чиқинди контейнерларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларга етарли бюджет маблағлари назарда тутилиши билан боғлиқ вазифалар белгиланган.

qb7EPYKFYcQhn3YFxlp2q2yXvRYP0CRk.jpg (1280×858)

“Аммо ҳанузгача бу тизим ўз самарасини бермади. Барча ижтимоий объектлар – мактаблар, боғчалар ҳамда тиббиёт муассасаларига жами 35 804 та контейнерни ўрнатиш талаб этилади. Ҳозирга кунда ўрнатилганларнинг сони – 10 527 та. Яна 25 мингдан ортиқ контейнер ўрнатиш керак.

Чиқиндиларнинг уюлиб ётиши атроф-муҳит, инсон саломатлигига таъсир этиши билан бир қаторда санитария корхоналарининг ишини янада мушкуллаштиради. Ўша мактаб мисолида гапирсам, мана шу объектда уюлиб ётган чиқиндини олиб чиқиб кетиши учун битта экипаж ярим кунини сарфлайди – ходимлар қўлда, белкуракда чиқиндини машинага ортадилар. Ваҳоланки, мазкур экипаж шу вақт мобайнида 2 та маҳалла, яна мактаб, боғчалардаги чиқиндиларини олиб чиқиб кетиши мумкин эди. Демак, вақт ва ишчи кучи ортиқча сарфланяпти.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, ижтимоий объектлар чиқинди контейнерлари билан ўз вақтида таъминланадиган бўлса, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиши вақти 6 бараварга қисқаради. Бу дегани ўртача йилига 51 минг соатни иқтисод қиламиз. Бунинг натижасида биз қўшимча яна 200 та маҳаллани қамраб олишимиз, 29 млрд сўм қўшимча маблағ олиш ҳамда янги техника харид қилишдан

63 млрд сўм бюджет маблағларини иқтисод қилишимиз мумкин.

Бу каби масалаларнинг барчаси санитар тозалаш корхоналари иқтисодий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. 

Шу сабабли биз бу каби ҳолатлар билан доимий равишда курашиб келмоқдамиз. Қўмита тизимидаги давлат инспекторларига вазифалар қўйганмиз, объектларга, шу жумладан ижтимоий объектларни ўрганиш, жаримадан аввал муддатли огоҳлантиришлар бериш вазифаларини қўйганмиз.

У ёки бу объектлар раҳбариятлари биринчи огоҳлантиришдаёқ тегишли туман, шаҳар, вилоят бошқармаларига мурожаат этиб, жарималарни кутиб ўтирмасдан бу каби муаммоларни ҳал этиши мумкин эди.

Ҳозир республика бўйича рейдлар ўтказилмоқда ва бу каби тадбирларни давом эттириб борамиз, токи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилсин”, – дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Умаржон Абдуллаев.

Мавзуга оид