Жаҳон | 15:00 / 20.12.2021
14958
2 дақиқада ўқилади

Россия делегацияси раҳбари Москва НАТОга ҳарбий жавоб қайтариши мумкинлигини айтди

Константин Гавриловнинг таъкидлашича, АҚШ хоҳлайдими-йўқми, Россия билан хавфсизлик кафолатлари борасида мулоқотга киришишга мажбур.

Фото: РИА Новости

НАТО Россиянинг оғриқли нуқталарини тинмай босмаслик кераклигини тушунади, акс ҳолда Москва ҳарбий жавоб қайтаришига тўғри келади, деди ҳарбий хавфсизлик ва қуролланиш устидан назорат бўйича Венада бўлиб ўтаётган музокараларда қатнашаётган Россия делегацияси раҳбари Константин Гаврилов.

"Мунтазам равишда Россиянинг оғриқли нуқталарини босмаслик керак. Суҳбат жиддий бўлиши шарт ва куч-қудратига қарамасдан аниқ сиёсий ҳаракат қилиш зарурлигини НАТОдаги ҳамма жуда яхши тушунади, акс ҳолда Россия ҳарбий-техник ва ҳарбий жавоб қайтаришига тўғри келади", — деди у.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳозирда Москва ва Брюссел ўртасидаги муносабатларда ҳақиқат онлари етиб келди.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ хоҳлайдими-йўқми, Россия билан хавфсизлик кафолатлари борасида мулоқотга киришишга мажбур.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартнома ва РФ ҳамда НАТОга аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари тўғрисидаги келишув лойиҳаларини эълон қилганди.

Ҳужжатларда Россия ТИВ АҚШ НАТОнинг шарқий йўналишда кенгаймаслиги бўйича масъулиятни зиммасига олиши, илгари собиқ СССР таркибида бўлган давлатларни альянсга қабул қилиш усулидан воз кечиши кераклигини талаб қилган.

Россия шунингдек, ўрта ва кичик масофага мўлжалланган ракеталарни, ядро қуролини ўз ҳудудидан ташқарида жойлаштирмасликни таклиф қилган.

Мавзуга оид