Ҳазрати олийлари! Қирол жаноби олийлари, Нобел қўмитасининг ҳурматли аъзолари, муҳтарам меҳмонлар!

8 октябр куни эрталаб менга онам қўнғироқ қилди. Нима янгиликлар, деб сўради.

— Мана, — дедим, — ойи, Нобел мукофоти олибмиз...

— Бу яхши. Яна нима янгилик бор?

...Ҳозир, онам, ҳаммасини сенга ҳикоя қилиб бераман.

* * *

«Аминманки, фикр эркинлиги бошқа фуқаровий эркинликлар қатори тараққиёт асоси саналади.

Мен инсонлар тақдири шаклланишида фуқаровий ва сиёсий эркинликлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги ҳақидаги тезис тарафдориман!

Аниқ аминманки, халқаро ишонч, <…> қуролсизланиш ва хавфсизлик жамиятнинг очиқлиги, ахборот, фикр эркинлиги ва ошкораликсиз мавжуд бўлолмайди <…>.

Тинчлик, тараққиёт, инсон ҳақлари — бу уч мақсад чамбарчас боғлиқ».

Булар — Ер сайёраси фуқароси, буюк файласуф, академик Андрей Сахаровнинг Нобел маросимидаги нутқидан парчалар.

Бу нутқни худди шу ерда, шу шаҳарда 1975 йилнинг 11 декабрида унинг рафиқаси Елена Боннер ўқиб берган.

Мен Сахаровнинг сўзлари шу ерда, бутун жаҳонга машҳур залда иккинчи бор янграшини зарурат дея санадим.

Нега бу нарса ҳозир биз учун, мен учун шу қадар муҳим?

Дунё демократияни ёмон кўриб қолди.

Дунё бошқарувдаги элиталардан ҳафсаласи пир бўлди.

Дунё диктатура томон қўл чўзди.

Тараққиётга инсон ҳақлари ва эркинликларига риоя қилиш билан эмас, технологиялар ва зулм билан ҳам эришса бўлади, деган сароб ҳосил бўлди.

Эркинликсиз мана шундай тараққиёт.

Сигирсиз ана шундай сут…

Диктатуралар ўзларига зулмдан осонгина фойдаланиш имкониятини яратиб олишди.