23:48 / 21.12.2021
11364

Тарихдаги илк смс-хабар 107 минг еврога сотилди

Фото: EPA/Vostock-photo

Тарихдаги илк смс-хабарнинг рақамли нусхаси Париж яқинидаги Нёйи-сюр-Сен коммунасида ўтган кимошди савдосида 107 минг еврога (121 минг доллар) сотилди. Бу ҳақда Le Monde нашри хабар берди.

“Merry Christmas” (Рождество муборак) деган қисқагина ёзувдан иборат бўлган хабар 1992 йилда Vodafone мобил алоқа оператори тармоқлари орқали юборилган. Уни компания ходими Нил Папуорт компьютердан компания директори Ричард Жарвис мобил телефонига жўнатган.

Хабарнинг рақамли нусхаси сурат кўринишида бўлиб, унда экранида илк смс-хабар акс этган мобил телефон тасвирланган.

Кимошди савдоси Aguttes аукцион уйи томонидан ташкиллаштирилган. Харидор номаълум бўлиб қолишни истаган. У смс-хабарнинг рақамли нусхаси - NFT-токен соҳибига айланган.

Смс-хабарни сотувга қўйган Vodafone компаниясида савдодан келиб тушган пуллар БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича комиссариатига хайрия қилиниши айтилган.

Top