Ўзбекистон | 21:40 / 22.12.2021
6067
2 дақиқада ўқилади

1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорларга ойлик субсидиялар берилади

Фото: Getty Images

Президентнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Белгиланишича, 2022 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади.

Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган ташкилотга субсидия беришда Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси асос ҳисобланади.

2022 йил 1 мартдан бошлаб:

а) Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;

б) 2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид