Жамият | 14:09 / 22.12.2021
3251
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 4 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мактаб филиали талабларга жавоб бермаслиги учун ёпилди

Фото: Қамаши туман ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда Қамаши тумани Сартўлди қишлоғида жойлашган 15-мактаб филиалидаги ҳолат тасвирланган видео тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати видео юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ХТБ, Қамаши туман ҳокимлиги, туман ХТБ масъуллари иштирокида жойида ўрганиш олиб борилган. Қишлоққа туман ҳокими Ботир Тоғаев борган.

Масъулларнинг ахборотига кўра, Сартўлди қишлоғида 37 та хонадон ва 41 нафар ўқувчи бор. Ўқувчиларнинг аксарияти 15-мактабда таҳсил олади. Фақат 4 нафар (2-синфда 1 нафар, 3-синфда 1 нафар, 4-синфда 2 нафар) бола қишлоқдаги ҳашар йўли билан қурилган мактаб филиалида таълим олиб келмоқда. Ушбу қишлоқдаги мактаб филиали комплект-синф кўринишида шакллантирилган.

Фото: Қамаши туман ҳокимлиги

Сартўлди қишлоғидан 15-мактабгача бўлган оралиқ масофа 12 километрни ташкил этади. Ҳолат ўрганилганда мактаб филиали биноси фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва 21 декабр кунидан ёпилган. Филиалда таҳсил оладиган 4 нафар ўқувчининг 15-мактабда ўқиши учун туман ҳокимлиги ҳисобидан автотранспорт воситаси қатнови йўлга қўйилиши белгиланган.

Шунингдек, аҳолининг демографик ўсишини ҳисобга олиб 2023 йилда ушбу ҳудудда 60 ўринли мактаб қурилиши учун инвестиция дастурига таклиф киритилиши маълум қилинган.

“Ижтимоий тармоқларда акс этган видео 2021 йил 19 декабр якшанба куни маҳаллий фуқаро томонидан “сценарий” асосида тасвирга олинганлиги маълум бўлди. Унда ўқувчилар сони 11 нафарни ташкил этган. Тегишли ҳужжатларга асосан, видеотасвирдаги ўқувчиларнинг 4 нафаридан ортиғи ушбу филиал-мактабда таҳсил олмайди”, — дейилади муносабатда.

Фото: Қамаши туман ҳокимлиги
Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид