Хўш, ҳолатни юмшатиш борасидаги ишлар-чи? Kun.uz мухбири мавзу атрофидаги саволлар юзасидан Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев билан интервью уюштирди.
— Шавкат ака, охирги йилларда Марказий Осиёни сув билан таъминлайдиган муз манбаларининг 35-40 фоизи эриб кетди. Бу жараёнлар эса йилдан йилга тезлашиб боряпти. Сув етишмовчилигини ҳаётимизда ҳар куни сезяпмиз-у, лекин вазирликнинг бу борада кўраётган чораларини умуман сезмаяпмиз.
— Ҳаракатларимизни кўрмаётганингиз иш қилинмаётганини билдирмайди. 30 ноябр куни «Сув ва сувдан фойдаланиш» бўйича қонунга ўзгартишлар киритилди. Умуман охирги 3 йилда соҳада иккита қарор, учта президент фармони ва тўртта Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Биз юқорида матбуот анжуманида ҳам айтдикки, охирги 3 йилда сув тежовчи ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш 9 баробарга ошди.
Бу борада фермерлар ва сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарга субсидиялар бериш тартиби енгиллаштирилмоқда. Бу технологиялар нафақат маҳаллий, балки экспорт талабига ҳам тўла жавоб беради.
Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари аввал Навоий вилоятида фаолият кўрсатарди, яқинда эса худди шундай корхона Хоразм вилоятида ҳам иш бошлади. Шунингдек, бундай корхоналар Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ҳам фаолият юритмоқда.
Замонавий насос ва двигателлар ҳам ҳозир тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда.

— Сиз субсидиялар ҳақида гапиряпсиз, лекин фермерлар субсидия олиш шартлари ҳамон қийинлиги ва уларнинг ҳозирги шароити бунга жавоб бермаслигини айтади. Балки субсидия олиш шартларини янада енгиллатиш керакдир.
— Пул ҳеч кимга ҳеч қачон кўплик қилмайди. Ҳозирги шароитда ҳам биз кўплаб ижобий натижаларни кўряпмиз. Биз субсидияга қониқмаётган фермерларни ўша юқори натижали фермерларнинг даласига олиб боряпмиз. Уларга айтяпмиз, мана, шу одам қиляпти-ку.
Бу каби технологиялар нафақат сувни тежайди, балки минерал ўғит ва сувчиларнинг меҳнатини ҳам. Умуман, сув тежовчи технологиялар одатдаги харажатларни 50 фоизга қисқартиради. Ҳосилдорлик ҳам 10-15 фоизга ошяпти.
Қайтараман, сув тақчиллигининг ягона ечими – бу сув тежовчи технологиялар.










