20:39 / 28.12.2021
21591

17 ёшли Нодирбек Абдусатторов амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлуб этди

Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов Польша пойтахти Варшавада шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида 10-турдан кейин биринчи ўринга чиқиб олди.

Фото: Getty Images

17 ёшли шахматчи 10-партияда амалдаги жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсенга қарши оқ доналарда ўйнаб, ғалаба қозонди.

Жами 13та тур ўйналиб, ғалаба учун 1 очко, дуранг учун 0,5 очко ёзилади.

Нодирбек аввалги турларда Фабиано Каруана, Левон Аронян, Радослав Войташек, Борис Гельфандни мағлуб этган, Ян Непомняший ва Александр Гришук билан дуранг ўйнаган эди.

26 декабрда бошланган рапид йўналишидаги чемпионатга бугун, 28 декабр куни яна 3та тур ўйинларидан сўнг якун ясалади. Нодирбек 11-турда қора доналарда россиялик гроссмейстер Владимир Федосеев билан куч синашади.

Очиқ жаҳон чемпионатининг умумий соврин жамғармаси – 700 минг доллар. Ҳар иккала йўналишдаги чемпионларга 60 минг доллардан берилади. Блиц йўналишидаги баҳслар 29–30 декабр кунлари бўлиб ўтади.

  • Мусобақа швейцарча тизимда ўтказилмоқда. Рапид йўналишида баҳслар 15 дақиқагача давом этади, ҳар бир юриш учун 10 сониядан вақт берилади. Мусобақа жами 13 тур давом этади.
  • Блиц йўналишида партия 3 дақиқача давом этади, ҳар бир юриш учун 2 сониядан вақт берилади.

Маълумот учун, 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов 2017 йилда, 13 ёшида гроссмейстер бўлган (13 ёш-у 1 ой). Бунгача фақат бир шахматчи, Сергей Карякин бундан кичикроқ ёшда (12 ёш-у 7 ой) гроссмейстер унвонини олганди.

Карлсен – уч йўналишда жаҳон чемпиони ҳисобланади: 2013 йилдан классик шахмат бўйича; 2014-2016, 2019 йилларда рапид бўйича жаҳон чемпиони, 2014-2015, 2017-2019 йилларда блиц бўйича жаҳон чемпиони.

Top