Ўзбекистон | 10:46 / 30.12.2021
6942
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда маст фуқаро ошхонада шеригини пичоқлаб ўлдирди

Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи фуқаро маст ҳолда ўзи билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган шеригини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 18 декабр куни соат 21:45 ларда Косон тумани “Қуйи Оброн” МФЙда яшовчи муқаддам судланган Ю.А. ҳамқишлоғи Т.Э. билан чойхонада овқатланаётиб спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бир-бирини ҳақоратлаб, жанжаллашиб қолган.

Сархуш йигитлар куч синашиш мақсадида ташқарига чиққач Ю.А. шашлик қўра ёнидаги стол устида турган пичоқни олиб Т.Э.нинг пастки жағига тиқиб олган. Оқибатда Т.Э. оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ томонидан Ю.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Косон туманидаги 33-мактабда мазкур жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилган. Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Ш.Сатволдиев, туман ҳокимлиги, прокуратураси, туман ИИБ, маҳалла фаоллари ҳамда марҳум ва жиноятчининг яқин қариндошлари иштирок этган.

Йиғилишда содир этилган мудҳиш жиноятни юзага келтирувчи шарт-шароитлар ва омиллар таҳлил этилганда йигитлар бекорчилик туфайли спиртли ичимликка ружу қўйгани, ҳаётга енгил-елпи қараши оқибатида жиноят юз бергани, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва қариндошлар бу ҳолатга панжа орасидан қарагани танқид остига олинган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид