Жаҳон | 20:27 / 30.12.2021
7401
2 дақиқада ўқилади

Tesla'нинг 500 мингга яқин машинаси носозлиги сабаб заводга қайтарилди

Фото: istockphoto.com

АҚШнинг Tesla компанияси 500 мингга яқин Model 3 ва Model S электрокарларини юкхона ва капотдаги муаммолар сабабли ортга чақиртириб олади. Бу ҳақда компаниянинг АҚШнинг йўллардаги ҳаракат хавфсизлиги бошқармасига (NHTSA) йўллаган мактубига таяниб Barron’s нашри хабар берди.

Компания NHTSA’ни 2017—2020 йилларда ишлаб чиқарилган Model 3 ва 2014-2021 йилларда ишлаб чиқарилган Model S автомобилларида юкхона ва капотнинг очиб-ёпилишида муаммолар борлигидан хабардор қилган.   

Tesla’да таъкидланишича, 355 мингдан кўпроқ Model 3’да юкхона очиб-ёпилганда ортни кўриш камералари симлари шикастланиши мумкин. Бу мониторга камерадан сигналларни узатишда муаммо келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, 120 мингга яқин Model S’да капотни ёпувчи лўкидон ўз жойидан силжиши эҳтимоли мавжуд. Бу эса ҳаракат вақтида машина капоти очилиб кетишига олиб келади. 

Мактубда таъкидланишича, ушбу икки носозлик ҳам автоҳалокат юз бериши эҳтимолини оширади. Компания ортга қайтарилаётган машиналарни текшириб, нуқсонлар топилса, уларни бартараф этишини айтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид