Жамият | 12:26 / 31.12.2021
11270
2 дақиқада ўқилади

“Ҳар бир қадамим азоб” - оғриқлардан чарчаган аёл қисмати

33 ёшли аёл танасидаги оғриқлар сабаб юришга, ўтиришга қийналади. Унда суяклар емирилиши сабаб тос суягига эндопротез ўрнатилиши лозим. Фақат деҳқончилик ортидан кун кўрадиган оилада эса бунга имконият йўқ.

 

Нилуфар болаликдан туғма хасталик билан курашиб келади. Унга иккитомонлама тос суягининг емирилиши ташхиси қўйилган.

Аёлнинг сўзларига кўра, айни пайтда унга кучли оғриқлар азоб бермоқда: “Юришга қийналаман, ҳар бир қадамим азоб. Оғриқлар жудаям кучли бўляпти, айниқса емирилиш бошлангандан бери ҳатто ухлаш ҳам қийин. Тунлари билан оғриқлар азоб беради, ўғлим: “Онажон, фақат ўлиб қолманг. Бизга сиздан бошқа ҳеч ким керакмас” дейди.

Яшаш шароитимиз оғирроқ. Тезроқ тузалиб, турмуш ўртоғимга ёрдам бериб, болаларимни яхши тарбиялашни ният қиламан”.

2-гуруҳ ногирони бўлган Нилуфарнинг дардига даво – эндопротез қўйиш орқали топилади. Аммо оиланинг моддий ҳолати учун бу мушкул масала ҳисобланади.

“Оиламиз билан деҳқончилик қилиб рўзғор тебратардик. Шу аҳволимда ҳам қараб ўтирмасдим, қор-ёмғирда ҳам ишлайверардим. Ҳозир менга эндопротез олиш учун моддий ёрдам керак бўляпти” дейди яхши инсонлардан умидвор аёл.

Ўйлаймизки, саховатнинг ёғдуси билан меҳнаткаш, заҳматкаш бир аёлнинг оғриқларда кечаётган ҳаёти ёришади. Унинг илтижолари жавобсиз қолмайди.

Ўзкард: 8600 0610 4430 2403 Мусаева Нилуфар номида

Виза: 4455 5500 1365 2355 қариндоши Салимсаков Ғуломхўжа номида 

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид