Ўзбекистон | 11:06 / 31.12.2021
3715
2 дақиқада ўқилади

Журналистлар фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш режалаштирилмоқда.

Фото: Kun.uz

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш тартиби жорий қилинади.

Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик янада кучайтирилади.

Жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини, уларни амалга ошириш механизмларини жорий этиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш ҳам мўлжалланган.

Бундан ташқари, жамоавий мурожаатлар асосида янги қурилган ва таъмирланган инфратузилма объектлари сифатини текшириш амалиёти жорий этилади.

Камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжманд аҳолини касбга ўргатиш каби ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга оширишни нодавлат нотижорат ташкилотларга очиқ танлов асосида тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид