Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ноқонуний қурилишлар учун жавобгарлик кучайтирилади
Ўзбекистонда ноқонуний ва рухсатсиз қурилишлар учун жавобгарликни кучайтириш, улушли қурилиш соҳасида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда шаҳарсозлик жараёнларини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган янги ташаббуслар муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев шаҳарсозлик ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича тақдимот билан танишди.
Тақдимотда қурилиш соҳасидаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, ноқонуний ва рухсатсиз қурилишлар, қурилиш муддатларининг сунъий равишда узайтирилиши ҳамда ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, амалдаги жарималарнинг таъсирчанлиги етарли эмас. Фақат 2025 йилнинг ўзида 1 952 та ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланган. Шу муносабат билан соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкцияларни кучайтириш таклиф этилди.

Шунингдек, улушли қурилиш соҳасида ҳам ҳуқуқбузарликлар кўпайиб бораётгани таъкидланди. Ўтган йили мазкур соҳадаги қонунбузилишлар оқибатида қарийб 3 минг нафар фуқарога 668 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш мақсадида улушли қурилишни молиялаштиришнинг янги тизими — эскроу ҳисобварақларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунда харидорлар маблағи махсус банк ҳисобварағида сақланади ва қурилиш белгиланган шартлар бажарилганидан кейингина қурувчига ўтказилади.
Тақдимот якунида мутасаддиларга шаҳарсозлик соҳасида шаффофликни таъминлаш, қурилиш жараёнларини рақамлаштириш, ноқонуний қурилишларга қарши чораларни кучайтириш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
11:56 / 06.06.2026
Қурилишга рухсат олишда бир нечта давлат хизматлари бирлаштирилади
11:33 / 06.06.2026
Ўзбекистонда лойиҳалаш ва қурилишни параллел олиб бориш амалиёти ўзгаради
22:34 / 05.06.2026
Қурилганига 50 йилдан ошган уйларни қайта режалаштириш тақиқланди
10:04 / 03.06.2026