Ўзбекистонлик ногиронлиги бор болаларга Норвегиядан юборилган совғалар ўғирлангани айтилди. Расмийлар рад этишди

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Тошкент шаҳридаги 442-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланадиган, эшитишда нуқсони бўлган болалар учун Норвегиядан юборилган совғанинг бир қисми йўқолгани айтилмоқда. Бу ҳақда Галия Яфарова исмли интернет фойдаланувчиси Facebook’да ёзиб қолдирган постида маълум қилган.
Ҳаммаси нимадан бошланганди?
Маълум бўлишича, Янги йил совғаси сифатида Норвегиядан юборилган қутида болалар учун мўлжалланган “колготка”лар бўлган. Аёлнинг сўзларига кўра, 52 нафар тарбияланувчи учун юборилган совға ичидан 22 та “колготка” солинган 1 та пакет суғуриб олинган.

“Қандай қилиб бу нарсаларни посилкадан олиб қўйишингиз мумкин? Сиз ёки фарзандларингиз бундан чинакам илиқликни ҳис қиласизми? Бу болалар бутун умр азоб чекишга маҳкум. Сиз эса улар учун мўлжалланган нарсаларни тортиб олдингиз, янги йил сюрпризи сифатида берилган совғаларни олиб қўйдингиз.
Билингки, бу қайтар дунё ва қилмишингиз ўзингизга икки баравар бўлиб қайтади. Қўлимда боғча ҳудудида қутини очганимиз тасвирланган видео ва бошқа далиллар бор. Мен 52 нафар тарбияланувчини хурсанд қилиш учун почта бўлимидан боғчага шунчалик шошилдимки... Охирида эса умидсизлик ва нафратга тўлдим. Мен сиз ҳақингизда ўйлаганларимни ҳатто сўз билан ҳам айтолмайман!” деб ёзган Галия Яфарова.
Аёлнинг ёзишича, Қушбеги даҳасидаги почта бўлимидан жўнатмани олаётганда қутининг ён томонлари қизил лента билан ёпиштирилгани ва ғижимланганини кўрган. Лекин ўша пайтда у совғалар ўғирланган бўлиши хаёлига ҳам келмагани, чунки жўнатмада совға ногирон болалар учун юборилгани ёзиб қўйилганини айтади.
“Жўнатмани олгач, тезда таксига чиқиб, боғчага шошилдим. Улар ухлашга ётгунларигача совғаларни жой-жойига қўйишни ва эрталаб уйғонганларида болажонларни хурсанд қилишни хоҳладим. Лекин якунда мени шундай “сюрприз” кутиб турган экан.
Бизга жўнатмани юборган қиз билан боғландим. У менга қутининг асл фотосуратини юборди. Ушбу суратда қути бутун ва унга ҳеч қандай қизил лента ёпиштирилмаган. Уни “ҳунармандлар” қаердадир шу ҳолга келтиришган. Мен шунчаки ҳайратдаман, боғча ходимлари ҳам. Қандай қилиб бундай қилишлари мумкин?” деб ёзади интернет фойдаланувчиларининг саволларига жавобан Галия Яфарова.
“Жўнатма божхона постида умуман очилмаган” – Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ижтимоий тармоқда 28 декабрь куни ёзиб қолдирилган постга Тошкент шаҳар божхона бошқармаси 31 декабрь куни расман муносабат билдириб, жўнатма ичидан товарлар олиб қўйилганини рад этган.

“Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан “Ўзбекистон почтаси” АЖ масъул вакиллари билан биргаликда мазкур жўнатманинг божхона назорати жараёнлари ёзиб олинган видеотасвирлар ўрганилди.
Норвегиядан фуқаро Галия Яфарова номига юборилган мазкур халқаро жўнатма божхона назоратига 27 декабрь куни тақдим қилинган. Ҳужжатларда 9 кг 975 грамм оғирликда деб кўрсатилган жўнатма божхона постида ўлчаб кўрилганида, жўнатма жойланган қоғоз қутининг намлиги ҳисобига 10 кг 100 граммни кўрсатган. Бу эса жўнатмадаги товарлар олиб қўйилмаганлигини англатади.
Шунингдек, жўнатмага тегишли ҳужжатлар, унинг оғирлиги ва жўнатманинг назорат-рентген тасвирларидан сўнг божхона ходимларида шубҳа туғилмаганлиги сабабли, жўнатмани очиб, кўздан кечиришга зарурат туғилмаган. Яъни жўнатма божхона постида умуман очилмаган.
Шундан сўнг шу куннинг ўзида божхона пости ходимлари томонидан жўнатма белгиланган тартибда почта алоқаси ходимларига топширилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жўнатмани жўнатиш вақтида унга кийим-кечаклар кўрсатилган миқдордан кам солинган, деб хулоса қилиш мумкин. Мазкур ҳолатга эса бевосита “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан ойдинлик киритилиши мақсадга мувофиқ”, дейилади расмий муносабатда.
“Жўнатма жойланган қути транзит давлатлар ҳудудида шикастланган” – АКТ вазирлиги
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўзининг тасарруфида бўлган ташкилотга дахлдор масала юзасидан Kun.uz’га Норвергиядан юборилган совғалар жойланган қути учта давлат ҳудудидан ўтиб келгани ва у айнан транзит ҳудудида шикастланганини маълум қилди.
“Ҳозирги кунда пандемия даврида Республикамиз ҳудудида почта жўнатмаларининг тўғридан тўғри кириб келиши чекланган бўлиб, айрим вазиятларда транзит давлатлар орқали амалга оширилмоқда. Шу сабабли жўнатмаларнинг етиб келиш муддатлари узайиши, йўқолиши ҳамда транзит йўналишларидаги айирбошлаш жараёнларида шикастланиш ҳолатлари учрамоқда.
Норвегиядан имконияти чекланган болалар учун янги йил совғаси тариқасида жўнатилган посилка ичидаги буюмларнинг етишмаслик ҳолати юзасидан зудлик билан суриштирув ишлари ўтказилди.
Ушбу ҳолат бўйича қуйидагилар маълум бўлди: жўнатмага транзит орқали келаётганда Нидерландия давлатининг почта маъмуриятида ишлов берилиб, посилка йўловчи картасига 10 кг оғирликда киритилган. Шундан сўнг Туркия давлати орқали транзит бўлиб, Тошкент аэропорти ҳудудига худди шу оғирликда кириб келган.
Жўнатма Бутунжаҳон Почта Иттифоқи талабларига зид равишда халқаро почта қопига жойланмаган, ташқи ўрови (коробкаси) нам ва шикастланган ҳолатда бўлган. Жўнатма кейинги манзилга бешикаст етишини таъминлаш учун Тошкент халқаро аэропортида қабул қилиш жараёнида почта ходимлари томонидан қизил скотч ёрдамида ўрам усти маҳкамланган.
Мижоз номига очиқ ҳолатда келган жўнатма охирги юборилган манзил почта маъмуриятига посилканинг ҳолати бўйича ўрнатилган тартибда текширув хабарномаси юборилган.
Ва шуни инобатга олган ҳолда ушбу жўнатма юзасидан хизмат текшируви ишлари тезкор равишда олиб борилди. Видеокузатув ускуналари орқали суратга олинган лавҳалар мижозга (ижтимоий тармоқларда мурожаат қилган Галия Яфаровага) кўрсатилди. Видеолавҳаларда жўнатманинг ҳеч қайси ички жойланмасига тегилмагани, Ўзбекистон ҳудудига қандай кириб келган бўлса, шундай ҳолатда мижоз қўлига топширилганлиги аниқланди”, дейилади таҳририятимизга АКТ вазирлиги ахборот хизмати томонидан тақдим этилган расмий муносабатда.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда АКТ вазирининг матбуот котиби Шерзод Аҳмадов ҳозирги кунда “Ўзбекистон почтаси” тизимида оқсоқликлар кузатилаётганини тан олган. Унинг айтишича, “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан келгусида шу нохуш ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда почта жўнатмаларининг сақланиши ва ўз эгаларига бутун ҳолатда етказилишини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, жумладан, жорий йилда почта жўнатмаларига ишлов бериш, саралаш ва назоратдан ўтказиш жараёнлари амалга ошириладиган барча ҳудудлар тўлиқ видеокузатув камералари билан таъминланганини таъкидлаган.
Галия Яфарова ижтимоий тармоқда ўзи қолдирган хабар бўйича масъуллар билан учрашгани, унга жўнатма Ўзбекистонга етиб келгунга қадар шикастлангани акс этган видеотасвирлар кўрсатилганини маълум қилган.
“Менинг олдимга ҳозиргина “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг Тошкент почтамти филиали, Халқаро почта ва Тошкент халқаро аэропорти вакиллари келишди. Улар ўзлари билан билан барча ҳужжатларни, кузатув камераларидаги видеоёзувларни олиб келишди.
Видеода мен жўнатмани тарозида тортган жараённи кўрдим. Айнан шу вақтда почта бўлими ходими жўнатма шикастланганини кўргани ва унинг ичидаги нарсалар тушиб кетмаслиги учун қутини лента билан ёпиштириб қўйганини кўрдим. Яъни жўнатма Ўзбекистонга шикастланган ҳолда келгани маълум бўлди.
Менга Норвегия почтаси жўнатмани қадоқлашда хатога йўл қўйгани, бундай жўнатмалар қопларга ўралиши кераклиги ва қути устида унинг ичидаги маҳсулотлар рўйхати бўлиши кераклиги ҳақидаги қоидага эътибор берилмаганини айтишди. Тошкент почтамти ходимлари мени жўнатмалар ҳар доим махсус қисқич билан ёпилган оқ сумкада келишига ишонтиришди. Бошлиқ даҳасидаги почта бўлимида бизга юборилган жўнатма оппоқ халта ичида кўз ўнгимизда очилган, демак, бу ерда уларнинг ҳеч қандай айби йўқ.
Божхона қўмитаси менга жўнатма уларда бўлган пайтнинг суратини ҳалигача тақдим этмади. Халқаро почтага ҳеч қандай шикоятим йўқ, чунки улар ҳақиқатан ҳам видеода ўз кўзим билан кўрмоқчи бўлган лаҳзаларни кўрсатишди”, деб ёзган у Facebook’да қолдирган изоҳида.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда Галия Яфарова 442-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти васийлик кенгаши раиси эканини маълум қилган. У расмийларнинг тушунтиришлари муаммога ечим бўла олмагани, йўқолган буюмлар ҳалигача топилмаганини айтмоқда. Аёл, шунингдек, ушбу вазиятда божхоначиларнинг ҳаракатларидан ҳам норози эканини таъкидлади.
“Менга фақат Халқаро почта орқали жўнатма қабул қилиб олинган жараён кўрсатилди. “Тошкент почтамти” филиалидан келганлар менга ўз видеокамераларидан олинган кадрларни кўрсатишмади. Улар жўнатмани “Халқаро почта”дан қопга ўралган ҳолатда қабул қилиб олганликларини айтишди.
Божхоначилардан эса умуман норозиман. Чунки улар шу пайтгача жўнатма уларнинг ҳудудига етиб келгани акс этган видеони ҳам, фотосуратларни ҳам тақдим этишгани йўқ. Ахир йўқолган нарсалар топилмаётган пайтда бу орқали муаммонинг ечими топилиши мумкин эди.
Халқаро почтадагилар менга жўнатмани юборган қиз хато қилган бўлиши мумкинлиги, колготкалар аввалбошдан етарли миқдорда юборилмагани эҳтимолдан холи эмаслигига шама қилишди. Бу эса кулгили. Мен билан алоқада бўлиб турган ва жўнатмани юборган қиз Норвегия дўконидан сотиб олинган нарсалар сони ҳақидаги барча харид квитанцияларини менга тақдим этди. Ўзбекистондаги расмийлар у ҳақда нотўғри гумонга боришаётганини айтганимда эса бундан ғазабланди.
Кеча мен Халқаро почта ва Тошкент почтамти филиали вакилларига афтидан энди биз ҳеч нарсани исботлай олмаслигимизни айтдим. Чунки калаванинг учи йўқ. Майли, йўқолган колготкалар жўнатманинг йўқолишига сабабчи бўлганлар учун бизнинг ногирон болаларимиздан садақа бўлсин. Бу нарсаларга болажонлар биздан кўра кўпроқ муҳтож эдилар ва бўлган ишлар масъулларнинг виждонига ҳавола.
Божхона вакили боғчадаги биринчи йиғилишда шунчаки йўқолган колготканинг нархини тўлашни таклиф қилди. Мен рад этдим. Ахир гап фақатгина колготкаларда эмас, балки ногиронларга мўлжалланган нарсаларнинг ўғирланганида эди. Чунки жўнатманинг устида у кимлар учун совға экани кўрсатилганди. Шундай бўлса ҳам, бу нарсани олганларнинг қўли титрамаганига ҳайрон қолдим.
Агар Facebook’да қолдирган постим остидаги шарҳларни ўқиб чиқсангиз, бундай ҳолатга тушганлар фақат мен эмаслигимга амин бўласиз. Кўпчилик жўнатмалар ўзларига етиб келгунча уларнинг вазни енгиллашиб қолгани ҳақида ёзган. Сизнингча, уларнинг зарари қоплаб берилганми? Асло ундай эмас. Кеча менга вазият бўйича тушунтириш берганлар бу ҳолатга жўнатмани юборувчининг белгиланган меъёрларга амал қилмаслиги сабаб бўлишини айтишди. Шу сабаб бизнинг ҳолатда ҳам йўқолган нарсалар агар ўғирланган бўлса ҳам, энди топилмаса керак”, дейди Галия Яфарова.
Тавсия этамиз
Зеленскийдан мамнун, Россия зарбаларидан ҳафсаласи пир бўлган. Трампнинг охирги баёнотларидан асосий гаплар
Жаҳон | 16:21 / 28.04.2025
Туркиялик эркак операциядан кейин она тилини унутиб, бошқа тилда гапиришни бошлади
Жаҳон | 19:42 / 27.04.2025
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 15:55 / 26.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Сенат Ўзбекистонда электрон сигареталарни тақиқлаш ҳақидаги қонунни маъқуллади
Ўзбекистон | 13:00
-
Трамп Карнини Канададаги сайловлардаги ғалабаси билан табриклади
Жаҳон | 12:40
-
Бола ҳуқуқлари кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади
Ўзбекистон | 12:31
-
АҚШ Австралиянинг Америка танкларини Киевга беришига тўсқинлик қиляпти
Жаҳон | 12:24
Мавзуга оид

22:17 / 29.04.2025
Шпицберген архипелагидаги ер майдони 300 млн еврога сотилиши мумкин

14:13 / 16.02.2025
Фарғонада ўғирликка тушган йигит онани болалари кўз ўнгида ўлдирди

16:49 / 15.02.2025
Таълим олиш соғлиқ учун фойдали экани исботланди

22:58 / 04.02.2025