Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тарихдаги энг йирик савдо келишуви кучга кирди. Бу Хитойнинг мавқейини оширадими?
2022 йил 1 январдан 15 мамлакат ўртасида имзоланган тарихдаги энг йирик савдо келишуви кучга кирди. Бу йирик келишув сайёрадаги ҳар учинчи одамнинг даромадлари ошишини таъминлаши кутилмоқда. АҚШ ва Хитой ўртасидаги агрессив савдо муносабатлари, шунингдек, коронавирус пандемияси сабаб силласи қуриган дунё иқтисодиёти ҳам айнан шу келишувдан бироз ўзига келиши кутилмоқда.
2020 йил 15 ноябр куни Ханойда имзоланган келишувга Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Австралия, Хитой, Янги Зеландия, Жанубий Корея ва Япония аъзо бўлган. У бежизга тарихдаги энг йирик савдо келишуви, дейилмаяпти. Бу мамлакатларда 2,2 миллиарддан ортиқ истеъмолчилар яшайди. Давлатларнинг умумий йиллик ялпи ички маҳсулоти эса 28 триллион долларни ташкил этади. Бу дунё иқтисодиётининг 32 фоизи дегани.
RCEP (Regional Comprehensive Economic Partnership – Ҳартомонлама минтақавий иқтисодий ҳамкорлик) деб номланувчи келишув Хитойни Осиё-Тинч океани ҳавзаси давлатлари, хусусан, Австралия, Япония ҳамда Жанубий Корея билан боғлайди. АҚШ ва Европа Иттифоқидан кейинги дунёнинг учинчи иқтисоди ҳисобланган Хитой олдин бу қадар кўп томонлар иштирок этган келишувларга қўшилмаганди, айниқса, яширин душмани Япония бор келишувларда.
Хитой 2020 йил ноябрда имзоланган ва 2022 йил 1 январдан кучга кирган келишув аъзоларидан бири Австралия билан ҳам олдинроқ уришишга улгурганди. Маълумот учун, Австралия Хитой учун асосий хомашё етказиб берувчи давлат ҳисобланарди. Бутун дунё коронавирус илк марта пайдо бўлган Хитойдаги ҳудудни текширишни талаб қила бошлаганида, Австралия ҳам бу талабни қўллаган. Шу сабаб Австралиядан аразлаган Хитой бу давлатдан келадиган кўмир, буғдой, мол гўшти ҳамда винога бойкот эълон қилган.
Янги келишувдан 15 та давлат манфаатдор бўлса-да, у Хитойнинг дунё иқтисодиётидаги позициясини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Хитой асосий рақобатчиси АҚШ, тўғрироғи, Дональд Трамп сабаб ушбу йирик савдо келишувининг марказида бўлиб қолди. Гап шундаки, RCEP борасида давом этган 8 йил ичида унинг иштирокчилари бўлмиш Япония, Австралия ҳамда Янги Зеландия TPP (Trans-Pacific Partnership – Тинч океани ҳавзасидаги транспорт ҳамкорлиги) номли бошқа савдо блокини ташкил этиб улгуришди. Бу келишувда АҚШ ҳамда Канада ҳам бор эди.
Аммо АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп мамлакатни бу келишувдан олиб чиқиб кетди. Бу эса RCEP ташкил этилишини тезлаштириб юборди. Ҳа, Трамп Хитойнинг манзилига ҳар қанча ёмон гаплар айтмасин, бу қарори билан Хитойга катта ёрдам бериб юборди.
Ушбу келишувга кўра, унга аъзо Осиё давлатлари бир-бирининг бозорига тўсиқсиз кириш имконига эга бўлади, шунингдек, маҳсулотлар учун божлар келишилган миқдорда камайтирилади. Натижада минтақанинг камбағал давлатларида иқтисодий ўсиш тезлашиши, одамларнинг ҳаёт тарзи яхшиланиши кутилмоқда. Келишув таркибига янги давлатлар қўшилиши кутилмоқда ва унга киришга айниқса, Ҳиндистон интизор бўляпти.
Ушбу савдо келишуви жуда йирик интеграциялашувнинг боши бўлиб хизмат қилиши мумкин. Келишувда Лаос каби қашшоқ, Янги Зеландия каби бой, Хитой каби коммунистик, Япония каби пост-империалист давлатлар бор. Шундай бўлса-да, бу савдо келишуви Шимолий Америкада АҚШ, Канада, Мексика ўртасида, Европа Иттифоқида 30 дан ортиқ давлатлар орасида тузилган эркин иқтисодий зоналаргача етишига анча бор.
Янги келишув ишчилар ҳуқуқи, атроф-муҳит ҳимояси ва интеллектуал мулк ҳуқуқига тегишли эмас. Бир сўз билан айтганда, у сиёсатга аралашмайди ва тоза савдо келишуви сифатида амалда бўлади. Келишув савдо сиёсатининг бир қисмини иштирокчиларнинг ўзига қўйиб беради. Масалан, Япония, Хитой каби гигантлар ўз бозорини ҳимоя божлари билан муҳофазалаши мумкин. Иштирокчилар ўртасидаги тортишувларни ҳал қиладиган умумий механизм ҳам ишлаб чиқилмаган.
ВВС'нинг Осиё бўйича мухбири Марико Ойнинг фикрича, келишув иштирокчиларни бой қилиб юбориши ҳақида гапиришга эрта: «Савдо келишуви чиндан жуда катта, ахир бу борада музокаралар 10 йиллаб давом этди. Аммо иштирокчилар иқтисоди бу келишувдан чекланган миқдордагина фойда олиши мумкин, чунки улар аллақачон бошқа савдо иттифоқларига ҳам аъзо.
Лекин бу савдо иттифоқининг бир устунлиги бор: у сиёсий ва дипломатик жиҳатдан мураккаб муносабатда бўлган давлатларни ҳам боғлайди. Масалан, Хитой ва Японияни», дейди ВВС мухбири.