Жаҳон | 20:40 / 03.01.2022
30073
4 дақиқада ўқилади

«Бу ҳеч қачон содир бўлмаслиги керак» – «Ядро бешлиги»нинг қўшма баёноти эълон қилинди

Россия, Британия, Хитой, АҚШ ва Франция ядро урушларининг олдини олиш ва қуролланиш пойгасига йўл қўймасликка қаратилган қўшма баёнот билан чиқди.

Фото: OLEG KULESHOV\TASS

Дунёдаги ядро қуролига эга беш давлат – АҚШ, Россия, Хитой, Британия ҳамда Франция давлат раҳбарларининг қуролланиш пойгаси ҳамда ядро урушига йўл қўймаслик бўйича қўшма баёноти эълон қилинди. Баёнот матни Кремль расмий сайтида берилган.

«Биз – Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия ва Франция ядро қуролига эга давлатлар ўртасида уруш бўлишига йўл қўймаслик, стратегик кескинликни туширишни ўзимизнинг бирламчи вазифамиз деб биламиз. Шуни маълум қиламизки, ядро урушида ғолиблар бўлмайди ва у ҳеч қачон содир бўлмаслиги керак.

Ядро қуроллари ҳамон мавжуд экан улар мудофаа мақсадида қўлланиши, агрессия ва урушларни тўхтатиш учун хизмат қилиши керак. Бундай қуролланиш кенгайишига йўл қўймаслик керак деб ҳисоблаймиз.

Ядро қуролларига қарши чоралар муҳим эканини тасдиқлаймиз, ядро қуроллари устидан назорат, уларнинг тарқалмаслиги бўйича кўп томонлама ҳамда икки томонлама келишувларга амал қилиш муҳим деб биламиз. Ядро қуроли тарқалмаслиги бўйича келишувдаги мажбуриятларимизга собитмиз. Ундаги 6-модда – «Ядро қуроллари пойгасига йўл қўймаслик, мустақил ва самарали халқаро назорат остида ядро қуролидан воз кечиш бўйича зиммамизга олган масъулиятимизни ҳис қиламиз.

Биздаги ядро қуроллари бир-биримизга ёки бошқа давлатларга қаратилмаганини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Ядро қуролидан холи бўлиш ва хавфсиз муҳит ҳосил қилиш учун барча давлатлар билан ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Ҳеч кимга фойда келтирмайдиган қуролланиш пойгасининг олдини олиш, кутилмаган ҳарбий можароларга йўл қўймаслик учун кўп томонлама дипломатик ечимлар излашда давом этмоқдамиз. Хавфсизлик масаласида бир-биримизни ҳурмат қилган ҳолда ўзаро мулоқотга асосланган дипломатик муносабатлар ўрнатишда давом этамиз», дейилади баёнотда.

Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг айтишича, бу қўшма баёнот Россия томони ташаббуси билан қабул қилинган. У 4 январ куни Нью-Йоркда бошланиши режалаштирилган ядро қуроли тарқалишининг олдини олишга бағишланган халқаро конференция арафасида тайёрланган. Конференция бошланиши кечиктирилган бўлса-да, беш давлат етакчилари баёнот матнини эълон қилишга қарор қилган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги қошидаги қуролланишни назорат қилиш департаменти раҳбари Фу Конг баёнотни тарихий деб атади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, баёнот Путиннинг «ядро бешлиги» саммитини ўтказиш таклифига таъсир қилмайди.

Маълумот учун, АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади. Фақат ушбу давлатлар кенгашнинг доимий аъзоси сифатида вето ҳуқуқига эга. Вето ҳуқуқига эга давлатлар кенгаш резолюцияси асосида қабул қилинган ҳар қандай қарорни бекор қилиши мумкин. Вето ҳуқуқи кейинчалик тушунмовчилик кўпайиб кетмаслиги учун кенгашнинг 5 аъзосигагина берилган.

Дунёда 9 давлатда ядро қуроли мавжуд. АҚШ, Россия, Хитой, Британия ва Франциядан ташқари Ҳиндистон, Исроил, Покистон ва Шимолий Кореяда ҳам ядро қуроли бор. Қозоғистон, Беларусь ҳамда Украина СССР тарқалганидан кейин ядро қуролини Россияга топширган, ЖАР эса 1989 йил тарихда биринчи бўлиб ядро қуролидан воз кечган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид