Спорт | 16:34 / 03.01.2022
20985
13 дақиқада ўқилади

Йилнинг илк ўйинида ҳакамлик можароси, чемпионлик интригаси ўлмоқда. АПЛда тур якунлари

Арбитр «Ман Сити»га ёрдам берди, «Арсенал» мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирида ғалабани қўлдан чиқарди, «Челси» ва «Ливерпуль» ўйинида «Сити» ютди.

Арсенал – Манчестер Сити 1:2 (1:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 31 Сака, 1:1 – 57, пенальти Маҳрез, 1:2 – 90 Родри.
Арсенал – Рэмсдейл, Томиясу, Уайт, Габриэл, Тирни, Мартинелли, Сака (Эл-Ненни, 84), Эдегор (Ҳолдинг, 63), Парти, Чака, Ляказетт (Смит-Роу, 71).
Манчестер Сити – Эдерсон, Жоау Канселу, Рубен Диаш, Лапорт, Аке, де Брюйне, Родри, Бернарду Силва, Маҳрез, Габриэл Жезус (Гундоған, 63), Стерлинг.
Огоҳлантиришлар: Чака (55), Габриэл (57), Сака (63), Холдинг (68), Родри (90), Бернарду Силва (90).
Четлатиш: Габриэл (59).

Англияда Янги йил Рождество каби аҳамиятли байрам эмас, шу туфайли 1 январь куни маҳаллий вақт билан соат 12:30даёқ «Эмирейтс» стадионида премьер-лиганинг айни вақтдаги энг яхши жамоалари — «Арсенал» ва «Манчестер Сити» майдонга тушишди.

АПЛда қаторасига тўрт ғалабадан иборат серия қайд этган «канонирлар» ўзлари учун жонажон тўртинчи ўринга кўтарилиб олишди. Микель Артета жамоаси мавсум стартидаги уч ўйинда мағлубиятга учрагач («Брентфорд»га 0:2, «Челси»га 0:2, «Сити»га 0:5) ўзига келиб олди ва кейинги 16 ўйинда фақат уч бор мағлуб бўлди. Жамоанинг сўнгги йиллардаги етакчиси ва сардори Пьер-Эмерик Обамеянг эса клубдаги ўрнини йўқотган, «Арсенал» ҳужумида бутунлай бошқа футболчилар асосий ишларни бажаришмоқда.

«Манчестер Сити»нинг кучи ва формаси ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Премьер-лигада «шаҳарликлар» қаторасига 10 ўйинда очко йўқотмаганди. Ҳатто «Ливерпуль» ва «Челси» каби кучли рақиблар ҳам турнир жадвалида катта фарқ билан ортда қолдирилган.

Бу ўйинда лондонликлар жамоасини Альберт Стуйвенберг бошқариб турди: Артетанинг ковид учун топширган тести мусбат натижа берган. Лекин «Арсенал» футболчилари юқори спорт формасида эди. Жамоа етакчиларидан фақат Эмил Смит-Роу захирада қолди, у сўнгги уч турда захирадан ўйинга қўшилган ва уч ўйинда ҳам гол урган. Стартда тушган охирги ўйинида ҳам ушбу ёш яримҳимоячи майдонни голсиз тарк этмаганди («Манчестер Юнайтед»га).

«Манчестер Сити»нинг ҳар қандай таркибини оптимал деб аташ мумкин. Яқинда уйига босқинчилар тушган Жоау Канселу ҳам майдонда эди. «Биз бўлиб ўтган воқеадан шокка тушдик. Ҳаммамиз Жоауни қўллаб-қувватлаймиз, унинг ўзи ўйнашга тайёрлигини айтди», деди ўйиндан олдин Пеп Гвардиола.

«Сити» ўйинни майдон эгаларига хос тарзда бошлади. АПЛ пешқадами дастлабки 10 дақиқаликда бир неча бор гол уришга яқин келди, аммо «Арсенал»га омад кулиб боқди. Ёш «канонирлар» ўйинда вазиятни ўзгартира олишди. Габриэл Мартинелли, Букайо Сака ва Мартин Эдегор тез-тез Англиянинг энг кучли ҳимоясини ёриб ўтиб, жарима майдонига ёриб кира бошлашди. Шундай вазиятлардан бирида бош арбитр Стюарт Атуэлл Эдерсоннинг Эдегорга нисбатан қоида бузишига эътибор қаратмади. Бу вазиятда норвегиялик футболчи жарима майдони ичида Ляказеттнинг узатмасидан кейин тўпни олдинга ташлашда кучлироқ тепиб, тўпни ўзидан узоқлаштириб юборди, унинг қаршисидан Эдегор чиқди. Видеотакрорда тўқнашув вақтида дарвозабон рақибнинг оёғига текканини кўриш мумкин. Аммо ҳакам видеотакрордан кейин ҳам пенальти белгиламади.

Гвардиоланинг шогирдининг жамоаси кучли прессинг қилишга ўтди ва майдоннинг «Сити» дарвозаси жойлашган қисмида тез-тез тўпни олиб қўя бошлади. 31-дақиқада лондонликлар ҳужум чизиғи вакилларининг ишончли ҳаракати ниҳоят самара келтирди. «Канонирлар»нинг тезкор ҳужуми вақтида Киран Тирни қанотдан тўпни Сакага аниқ етказди ва у ерлатиб йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Бу ушбу ёш яримҳимоячининг мавсумдаги олтинчи голи бўлди. Англиялик футболчи ўтган мавсум давомида чемпионатда беш гол урганди.

Лекин «Арсенал» танаффусгача фарқни ошира олмади. Танаффусдан кейин эса «Манчестер Сити» тезда вазиятни ўнглади. 54-дақиқада Бернарду Силва рақиб жарима майдонида Гранит Чакани алдаб ўтди. Лекин у мувозанатни йўқотаётганида швейцариялик футболчи унинг футболкасидан тортиб қолди, меҳмонлар яримҳимоячиси барибир газонга йиқилди, ҳакам ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатди, аммо видеотакрордан кейин қарорини ўзгартирди — такрор Силва тўпни ва мувозанатни йўқотишга улгургани, Чаканинг ҳаракати эса ортиқча бўлганини кўрсатди. Риёз Маҳрез аниқ ва кучли зарба бериб, Аарон Расмдэйлга имкон қолдирмади.

Кейинги икки дақиқада майдон эгаларининг ғалаба учун имкониятини йўққа чиқарган эпизодлар бўлиб ўтди. Эмерик Лапорт тўпни дарвозабонига қайтаришда хатога йўл қўйди, тўп Эдерсон устидан ўтиб бўш дарвоза томон йўл олди. Фақат Натан Акенинг улгуриб, подкат қилиши голдан қутқарди, қайтган тўпни эса Мартинелли бўш дарвозага киритиб юбора олмади.

Бу вазият такрорини бериш билан банд бўлган трансляция режиссёри «Арсенал» қандай қилиб бир киши кам бўлиб қолганини ўтказиб юборди. Эдерсон тўпни тезлик билан ўйинга киритгач, узун пас Габриэл Жезусга етиб келди, аммо бошқа Габриэл — «Арсенал» ҳимоячиси — унга ўзини айланиб ўтишга имкон бермади. Унда пенальти берилган вазиятда ҳакам билан тортишгани учун олинган сариқ карточка бор эди ва иккинчи карточкадан кейин майдонни тарк этди.

Шундай қилиб «Манчестер Сити» беш дақиқада ўйинни ўзгартирди. «Эмирейтс»даги мухлислар арбитрларни сотилишда айблаб, ҳайқира бошлашди.

Аммо «Арсенал» ўн киши бўлиб қолгач ҳам майдоннинг иккинчи қисмига ўтишда давом этди. «Сити» эса тўпни назорат қилган бўлса-да, голли вазиятлар ярата олмади. Маҳрезнинг пенальтидан йўллаган зарбасидан олдин ва кейин ҳам бирор марта аниқ зарба йўллай олишмади. Бу статистика 90+3-дақиқагача давом этди, қўшиб берилган дақиқаларда Рамсдэйл дарвозаси қаршисида Чакадан келган тўпга эга чиққан Родри тўпни дарвозага йўллади. Видеотакрор испаниялик футболчида офсайд қайд этмади, унинг ўзи эса футболкасини ечиб, голни «Арсенал» фанатлари жойлашган трибунага бориб нишонлади, бунга жавобан унга пластик стаканлар ва бутилкалар улоқтиришди.

Бу ғалаба «шаҳарликлар» учун АПЛда қаторасига 11-ғалабага айланди. Гвардиола жамоаси таъқибчиларидан янада катта фарқ билан ўзиб кетди, чемпионлик интригаси сўнгги ҳафталарини яшамоқда.

«Сити»нинг асосий таъқибчилари дуранг ўйнади — 2:2

Челси – Ливерпуль 2:2 (2:2, 0:0)
Голлар: 0:1 – 9 Мане, 0:2 – 26 Салоҳ, 1:2 – 42 Ковачич, 2:2 – 45 Пулишич.
Челси – Менди, Чалоба (Жоржиньо, 70), Тиаго Силва, Рюдигер, Канте, Аспиликуэта, Ковачич, Маунт, Пулишич, Алонсо, Ҳаверц (Ҳадсон-Одои, 79).
Ливерпуль – Келлеҳер, Александер-Арнолд, Конате, ван Дейк, Цимикас, Ҳендерсон, Фабиньо, Милнер (Кейта, 69), Салоҳ, Диогу Жота (Окслейд-Чемберлен, 69), Мане (Жонс, 90).
Огоҳлантиришлар: Мане (1), Пулишич (17), Конате (83).

АПЛда чемпионлик пойгаси тақдири бир-бир ярим ой ичида  ойдинлашиб қолади. Албатта, чемпионат стартигача ҳам «Манчестер Сити» фаворит ҳисобланар, аммо «Челси» ва «Ливерпуль» ҳам мавсумни жуда яхши бошлашди ва бетараф мухлисларга титул учун жиддий кураш кечишига умид берди.

Аммо ҳозирда «Сити» ўрнини ҳеч кимга бериб қўймайдигандек кўринмоқда. Амалдаги чемпион қаторасига 11 ғалабага эришди, икки таъқибчи эса муаммолар гирдобида қолган — фақат ўйин ва натижалар жиҳатидангина эмас.

«Челси» — фестивал давридаги асосий ньюсмейкер бўлиб турибди. Чемпионлик пойгаси қизиган маҳалда Ромелу Лукаку Sky учун берган интервьюси орқали кўклар қайиғини силкитишга қарор қилди, у интервьюда Томас Тухелни танлаётган схемалари ва ўзига ўйин амалиёти бермаётгани учун танқид қилди. Бельгиялик футболчи умуман ортиқча гапириб юборди ва «Интер»даги даврлари қанчалик яхши бўлганини эслади. Тухель аввалига унга ортиқча шовқин ёқмаслигини айтди, кейин эса Лукакуни муҳим ўйин учун таркибдан чиқариб, жамоа машғулотларини «бу бузғунчидан ҳимоялаш»га қарор қилди.

Албатта, германиялик мураббийнинг бу қарорини барча ҳам қўлламади. Лукаку аввалги икки ўйинда ҳам гол урганди, аммо «Ливерпуль»га қарши муҳим ўйин арафасида уни аҳмоқона интервьюси учун таркиблан чиқаришди — бу ҳам аҳмоқлик эмасми? Масалан, Англия термасининг собиқ футболчиси Даррен   Бент шундай фикрда.

Жамоанинг бошқа бир ҳужумчиси Вернер ҳам соғлигидаги муаммо туфайли ўйнай олмасди, шундай экан, Тухель Ҳаверц алдамчи «тўққизлик» ролини бажарадиган, синовдан ўтган схемага қайтилди. Яна бир сюрприз сўнгги уч ўйинда уч гол урган Жоржиньо захирада қолдирилгани бўлди — майдон марказини Канте ва Ковачич эгаллади.

«Ливерпуль»нинг таркиб билан боғлиқ муаммолари янада оғриқли эди. Ковид Алиссон, Матип, Роберто Фирмино ва Юрген Клоппни сафдан чиқарди — унинг ўрнига жамоани ёрдамчиси Пеп Лейндерс бошқариб турибди.

Бошқача айтганда, «Манчестер Сити»нинг икки таъқибчисининг ўзаро ўйини оқсоқлар жангига айланди. Шунинг учун Клопп ва Тухелдан бу ўйин арафасида чемпионлик пойгасини тарк этиш борасида сўрашди. Табиийки, иккиси ҳам мағлубиятни тан олишдан бош тортишди. «Ливерпуль» устози шундай деди: «Лигада ғолиб қишда аниқ бўлмайди. Ҳозир «Сити» олдинга чиқиб кетган ва улар бунга муносиб, аммо келинг шунчаки ҳаракат қилиб кўрамиз».

Жамаолар яхши ҳолатда эмаслиги илк дақиқаларданоқ кўриниб қолди. Аввалига Александр-Арнолд голга сабабчи бўлиши мумкин эди, аммо Пулишич вазиятни қўлдан чиқарди, кейин Чалоба ўз жарима майдонида худди Арни каби жуда ёмон ўйнади — бу сафар Мане ҳисобни очди.

Умуман олганда, «Челси» жуда олдинга чиқиб ҳимояланди ва «Ливерпуль» бундан унумли фойдаланди, шундай экан, иккинчи гол урилиши ҳам мантиқий эди — Салоҳ қанотдан ёриб кириб, Менди қўриқлаётган дарвозанинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди.

Ўйиннинг ярим соати тугамай туриб, ҳисоб 0:2 кўринишига келганида, ўйин тақдири ҳал бўлгандек кўринганди, аммо «Челси»да қайтиш учун ҳали вақт бор эди. 31-дақиқада ерда ётган Цимикасни босиб ўтгани учун Маунт четлатилиши мумкин эди, аммо видеоарбитрлар англиялик футболчини кечиришди. Катта эҳтимол билан шу қарор «Челси»ни қутқарди. Кўклар ўзига кела бошлади ва чиройли гол уришди — Ковачичнинг зарбаси идеал даражада чиқди.

«Челси» танаффусга қадар ҳисобни тенглаштиришга эришди. Ўйин жуда хаотик ва юқори темпда давом этди, ўйин боришига қараб натижа қандай бўлишини айтиш мумкин эмасди. Жамоалар фақат олдинга ташланишди, бу бетараф мухлислар кутган ўйин эди.

Иккинчи бўлим ҳам ҳужумлар билан бошланиб, космик темпда давом этди. Икки жамоада ҳам яна голлар уриш учун имконият бўлди. Ўйин шу қадар ҳужумларга бой ва томошабоп бўлдики, мухлислар ўнта гол кўриши ҳам мумкин эди. Аммо Келлеҳер ҳам, Менди ҳам бошқа тўп ўтказмади.

Фақат ўйиннинг сўнгги қисмида ритм пасайди. Бу мантиқли эди, бир ярим соат давомида бундай интенсив ўйин кўрсатиш имконсиз иш. Қолаверса, таркиблар анча кучсизланган, бу айниқса «Ливерпуль»да сезилди — коронавирус жамоани захирасиз қолдирган.

Тухель иккинчи бўлим ўрталарида 3-5-2 схемасига ўтди - Маунт ва Ҳаверц ҳужумчилар ролида, Пулишич эса -латерал. «Ливерпуль» ҳам тажрибаларга киришди: сўнгги 20 дақиқада Окслейд-Чемберлен марказий форвардга айланди.

Ўйин охирига келиб жамоалар дуранг натижага кўнишга мажбур бўлишди. Айнан мажбур бўлишди - чунки дуранг аслида икки жамоани ҳам қониқтирмайди, тур якунига кўра «Сити» билан орадаги фарқ янада йириклашди.

Тез орада Африка миллатлар кубоги ўйинлари бошланади, «Челси» ва «Ливерпуль»нинг қатор етакчилари Африкага жўнаб кетишмоқда, шу туфайи Пеп Гвардиола жамоаси янада узоқлашиб кетиши мумкин. Англияда чемпионлик пойгаси ўлим ёқасида.

Мавзуга оид