Дам олиш кунлари Европа футболида қизиқ воқеаларга бой бўлди. Айниқса, якшанба оқшомида бирданига уч топ лигада чемпионликка даъвогар жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви клублар футболини яқин икки ҳафтада соғиниб қолишимизга шаъма қилган бўлса ажаб эмас. Tribuna.uz журналисти Қаҳрамон Асланов евротурнинг энг муҳим 8 воқеасини саралади.

АВТОГОЛЛАР

Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «Манчестер Сити» қаторасига икки рақобатчиси билан тўқнаш келди ва атиги бир очко билан кифояланди. Афсуски, бу сафарги тур ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов учун омадсиз келди. Биринчи таймни анча ишончли ўтказган Ҳусанов 48-дақиқада меҳмонларнинг бурчак тўпидан сўнг ўз дарвозасига гол йўллаб қўйди. Аввалига офсайд чизиғини ушлашда шерикларидан кеч қолган Ҳусанов Хиншелвуднинг зарбасини қайтармоқчи бўлди, аммо ноқулай йўлантирилган тўп оқибатда Ортегани ҳам чалғитиб, дарвозага кириб кетди. Мана шу вазиятдан сўнг ҳисоб иккинчи марта тенглашгач, ўйин охиригача мезбонлар ғалаба голини ура олмади.

Худди шу оқшом Европада тўп сураётган яна бир ҳимоячимиз ўз ҳисобига автогол ёзиб қўйди. «Ризеспор» таркибида «Бодрумспор»га қарши тўп сурган Хусниддин Алиқулов ўйининг 22-дақиқасига ўз дарвозасига гол киритиб, ҳисобни очди. Мезбонлар сафида Самет Акайдин қизил карточка олгач, вазиятни тенглаштириш имконияти камайиб кетди ва яна бир гол ўтказиб юбордилар. Алиқулов эса жароҳат туфайли биринчи тайм охирида алмаштирилди.

ОМАДСИЗ «БЕШИКТОШ»

Аммо ҳафтанинг энг омадсиз жамоасини ҳам Туркиядан излаганимиз маъқул. Сульшер бошқараётган «Бешиктош» «Коняспор»га қарши ўйиннинг 27-дақиқасидан бошлаб бир киши кўп бўлиб ўйнаган бўлса-да, мезбонларнинг 45-дақиқасидаги голига бирорта ҳам жавоб бера олишмади.

Иккинчи таймда тўп назорати бўйича 83-17, зарбалар сони 20-2, бурчак тўплари 7-0, жарима майдонидаги тегинишлар 28-1 бўлса-да, «Бешиктош» бу устунликни очкога айлантира олмади. Ҳатто 65-дақиқада Ндао ҳам қизил карточка олиб, қолган қарийб 30 дақиқани мезбонлар 9 киши қолиб ҳам ғалабали ҳисобни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишди.

«Биз ниманидир ўзгартиришимиз керак, бу ўйин учун мухлисларимиздан узр сўраймиз», - деди учрашув тугагач норвегиялик мутахассис.