РЕАЛ – ВИЛЯРРЕАЛ (5 октябр, 23:55)

Умуман олганда ўзаро учрашувларда «Реал»да яққол устунлик бўлса-да, сўнгги йилларни оладиган бўлсак, тахмин қилиш мумкин бўлган натижаларни кўрамиз. Бу икки жамоа ўртасидаги охирги 14 учрашувнинг атиги 5 тасида «Реал» ғалаба қозонган холос, бу ҳатто «Эл Класико»даги кўрсаткичлардан ҳам кам.  Мадриддаги ўйинларни ўзида ҳам масалан, сўнгги тўрт ўйиндан биттасида дуранг қайд этилган бўлса, бир учрашув меҳмонлар ғалабаси билан якунланган. Агар бунга «Вилярреал» мавсумни барқарор бошлаб, «Реал»дан атиги бир очко кам жамғарган ҳолда учинчи ўринни эгаллаб турганидан келиб чиқсак, мезбонларга бу сафар ҳам осон бўлмаслиги шубҳасиз. «Вилярреал» Ла Лигада вазият яратиш бўйича ҳам кучли учликдан жой олган, яъни анча ҳужумкор ва дадил жамоа – одатда, бу йилги «Реал» айнан шундай рақибларга қарши қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлаш лозим.

Гарсия шогирдлари бу мавсум сафардаги 4 ўйиннинг учтасида бир хил 2:1 ҳисобида устун келишди. Бир ўйин дуранг билан якунланди. Умуман жамоа фақат «Барселона»га ўз майдонида ютқазди холос. «Реал» эса уй ўйинларини ишончлироқ ўтказмоқда – тўрт ўйинда тўрт ғалаба. Демак бугун қайсидир серия тугаши аниқ – ё «Реал» илк марта ўз майдонида очко йўқотади ёки «Вилярреал» сафарда илк мағлубиятини тотиб кўради.

Таркибларга келсак, Килиан Мбаппе муддатидан аввал сафга қайтди ва бугун илк маротаба асосий таркибда ҳаракат қилиши мумкин. «Лилл»га қарши Чемпионлар Лигасида у иккинчи таймда захирадан майдонга туширилганди. Дарвоқе, еврокубоклар сабабли «Реал» рақибига қараганда камроқ дам олишга мажбур бўлгани ҳам ушбу учрашувга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Мезбонларда шунингдек, Куртуа ва Диас йўқ, Давид Алаба эса машғулотларга қайтгани айтилмоқда, аммо асосий таркибга қай даражада тайёр экани маълум эмас. Жароҳатлар борасида меҳмонларнинг ҳолати анчагина ёмон – Педраса, Суарес, Фойт, Морено, Переслар ҳар холда асосий таркиб футболчилари саналишади.

АСТОН ВИЛЛА – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (6 октябр, 18:00)

Ҳали октябр бошланмади ҳамки, Эрик тен Ҳаг боши узра қора булутлар яна пайдо бўлди – худди ўтган мавсумдаги ҳолатни ёдга солади. Албатта, ўтган мавсумда муаммолар кўпроқ бўлгани ва жамоа жароҳатлар гирдобига илк бор тушаётгани учун мураббийга ишонч катта бўлган. Аммо ҳозир, жароҳатлар деярли йўқлиги, фаол ёзги трансферлардан сўнг ҳам вазиятнинг ўнгланмаслиги босимни кундан кунга орттирмоқда. Баъзи манбаларда «Порту» ва «Астон Вилла»га қарши ўйинлар якуний қарор чиқариш учун синов муддати экани ҳақида кўп ёзилган бўлса-да, ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ўйин тен Ҳагга бўлган муносабат учун анча аҳамиятли. «МЮ» Португалияда яна тушунарсиз бўлди – икки тўп билан устунликни бой бериш, сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолиш, Фернандешнинг навбатдаги қизил карточкаси, хуллас, ҳаммаси Бирмингҳэмдаги ўйинда кўриниши керак.